Ўзбекистон ва Покистон яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олди
Октябрь 07, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 57ИСЛОМОБОД, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Оммабоп “CEO Today” журналида Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев билан интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Покистон нашрида эълон қилинган материалда Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати, сўнгги йилларда эришилган натижалар, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишлари ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилган.
Интервьюда элчи дипломатик фаолиятни танлашга ундаган омиллар ҳақида фикр билдириб, халқаро муносабатлар, турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги алоқалар хусусида алоҳида тўхталиб ўтган.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларнинг тарихий илдизларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар Покистон маданий меросининг муҳим қисмини ташкил этиши таъкидланган. Бу тарихий муштараклик бугунги муносабатларни ривожлантириш учун мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий мулоқот сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашди, – дейди элчи Алишер Тўхтаев. – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга буюрган давлат ташрифи давомида Қўшма декларация ва 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзолангани муносабатларнинг амалий мазмунини бойитган муҳим воқеа бўлди”.
Интервьюда савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири сифатида кўрсатилди. Сўнгги саккиз йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 12 бараварга ошиб, 2026 йил 1 январь ҳолатига 475 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.
Суҳбатда маданият, туризм ва таълим соҳаларидаги алоқаларнинг ҳолати ва истиқболларига оид саволларга жавоблар ҳам ўқувчиларни эътиборсиз қолдирмайди.
“Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши, сайёҳлик алмашинувининг ортиши, Исломободда “Тошкент” кўчаси ва “Бобур” номидаги боғнинг очилиши халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мингдан ортиқ Покистон фуқаросининг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганидан далолат беради”, – деган элчи.
Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари интервьюда Покистон бизнес ҳамжамиятини Ўзбекистондаги инвестиция имкониятларидан фаол фойдаланиш, ёшларни билим, инновация ва ҳамкорлик асосида янги ташаббусларни илгари суришга чақирган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

