Ўзбекистон ва АҚШ технологик ва муҳандислик соҳаларида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашади
Ноябрь 21, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 127
НЬЮ-ЙОРК, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари АҚШнинг “Regeneron International Science and Engineering Fair” (Regeneron ISEF) илмий-таълим ҳамжамияти вакиллари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда илмий, технологик ва муҳандислик йўналишларида иқтидорли ёшларни аниқлаш, тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Америка тажрибаси асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, шунингдек, ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг АҚШда ўтказиладиган илмий ярмаркаларда иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Америка томони дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан иштирокчиларни бирлаштирувчи, мактаб ўқувчилари учун энг йирик халқаро илмий-муҳандислик платформаларидан бири бўлган “Regeneron ISEF” фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Музокаралар чоғида АҚШдаги миллий илмий ярмаркалар ҳамда лойиҳаларнинг илмий экспертизаси ва устозлик (менторлик) тизимини ўз ичига олган кўп босқичли саралаш механизмига алоҳида эътибор қаратилди. Барча босқичлардан муваффақиятли ўтган энг истиқболли ўқувчилар “Regeneron ISEF” халқаро финалида қатнашиш имкониятини қўлга киритадилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда экспертизанинг халқаро стандартларини жорий этиш, миллий экспертлар ва ҳакамларни тайёрлаш, ўқувчиларнинг тадқиқот инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қолаверса, таълим муассасалари, университетлар, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва технологик компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар мамлакатнинг таълим ва илмий ресурсларини бирлаштирувчи ҳамда истиқболли ўқувчиларни изчил қўллаб-қувватлашни таъминловчи илмий-технологик истеъдодларни ривожлантириш миллий тизимини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг иқтидорли мактаб ўқувчиларини халқаро илмий-муҳандислик танловларида, жумладан, “Regeneron ISEF”да иштирок этишини таъминлашга қаратилган миллий платформани яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси