Самарқандда “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқоти ўз ишини якунлади

Ноябрь 07, 2026. 12:30 • 3 дақ

• 110
Самарқандда “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқоти ўз ишини якунлади

САМАРКАНД, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳрида 5–6 ноябрь кунлари “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сўнгги 10 йилликда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

2024 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Хавфсизлик масалалари бўйича “ШҲТ плюс” экспертлар мулоқотини ташкил этиш ташаббуси бугун ҳаётда ўз ифодасини топиб, ушбу форматдаги илк халқаро учрашув Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро хавфсизлик масалалари бўйича конструктив мулоқотни ривожлантириш, турли давлатлар ва халқаро тузилмаларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда умумий таҳдидларга нисбатан мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириш борасидаги ташаббускорлигини намоён этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Президентининг мулоқот иштирокчиларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда таъкидланганидек, ШҲТнинг таъсисчи давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон барқарорликни сақлаш ва инклюзив тараққиётни таъминлаш йўлида иштирокчи мамлакатларни бирлаштирувчи ноёб кўп томонлама платформа сифатида ШҲТнинг ролини янада кучайтириш ва фаолият кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратади.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари генерал-полковник Баҳодир Қурбонов раислигида бўлиб ўтган халқаро тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар, мулоқот бўйича ҳамкор мамлакатлар махсус хизматларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари, шунингдек халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этди.

Жами 24 давлатдан 33 та делегация ҳамда 5 та халқаро ташкилот вакилларининг қатнашиши мазкур мулоқот майдонининг халқаро аҳамияти ва унга бўлган қизиқиш юқори эканини кўрсатди.

Шунингдек ўқинг

“Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш” бош мавзуси бўлган ушбу анжуманда илғор технологиялар ҳамда тобора оммалашиб бораётган сунъий интеллект имкониятларининг халқаро ва минтақавий хавфсизликка таъсири, улар билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар, терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашишда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Зеро, Президентимиз мурожаатида таъкидланганидек, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситаларининг жадал ривожланиши, бир томондан, тараққиёт учун кенг имкониятлар яратаётган бўлса, иккинчи томондан, илгари кузатилмаган мутлақо янги заифлик ва таҳдидларни ҳам юзага келтирмоқда.

Мулоқотда бундай таҳдид ва хатарларга қарши курашда давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган ҳамкорлик зарур эканига урғу қаратилди.

Учрашув якунида иштирокчилар халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд ҳамкорлик механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича келишиб олдилар.

Самарқандда бўлиб ўтган мазкур халқаро тадбир Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш