Ўзбекистон ва Қозоғистон ўқув марказлари ҳамкорлигида фуқароларни юқори маошли касбларга ўқитиш масалалари муҳокама қилинди

Ноябрь 07, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 31
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўқув марказлари ҳамкорлигида фуқароларни юқори маошли касбларга ўқитиш масалалари муҳокама қилинди

ОҚТОВ, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бош консулхона ташаббуси билан Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги вакиллари ҳамда Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида жойлашган “APEC Training Center” ўқув маркази раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларнинг касбий малакасини ошириш, халқаро стандартлар асосида сертификатлаш ҳамда тайёрланган малакали кадрларни келгусида Европа меҳнат бозорига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

“APEC Training Center” ўқув марказида 300 га яқин йўналишда касб-ҳунарга ўргатиш тажрибаси мавжуд бўлиб, Европанинг йирик компаниялари талаблари асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Марказ вакиллари Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилиш ва қўшма амалий ўқув дастурларини амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирдилар.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, учрашувда Қозоғистон касб-ҳунар коллежлари, жумладан, Рудний шаҳридаги “Тоғ-кон ва технологиялар коллежи” ҳамда Ўзбекистоннинг шу соҳадаги таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Касбий таълим агентлиги, “APEC Training Center” ва Бош консулхона вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳи тузилиб, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш