Ўзбекистон БМТнинг Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи бўйича кичик қўмитасининг 58-сессиясига мезбонлик қилади
Ноябрь 06, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 157
ВЕНА, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ ГЖБ) раҳбар органлари котибияти раҳбари Жо Дедейн-Аманн билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида 2026 йил 15–18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва у билан боғлиқ масалалар бўйича кичик қўмитасининг 58-сессиясини тайёрлаш ва ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кичик қўмита БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари бўйича комиссиясининг минтақавий ёрдамчи органи ҳисобланади. Унинг ташкил этилиши БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан 1973 йилда маъқулланган. Кичик қўмита таркибига Ўзбекистон билан бир қаторда 23 та давлат аъзодир. Шунингдек, унинг ишида кузатувчи давлатлар ва тармоқ халқаро ташкилотлари ҳам қатнашади. Кичик қўмитасининг асосий вазифаси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида минтақавий ҳамкорликни рағбатлантириш, маълумот ва тажриба алмашиш, шунингдек, наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.
Навбатдаги сессиянинг Тошкентда ўтказилиши минтақа давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш учун муҳим имконият яратади. Тадбир кичик қўмитага аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштириб, уларга конструктив мулоқот ва илғор тажриба алмашиш майдонини тақдим этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон учун мазкур тадбирнинг ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этиб, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил интилишларини акс эттиради. Республика мезбон томон сифатида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасидаги ўз тажрибаси ва ташаббусларини тақдим этиш, шунингдек, минтақа давлатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда 2031 йилда БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов масалалари бўйича 16-конгрессини ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида янада долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг тегишли ташаббуси 2026 йил 26 сентябрь – 1 октябрь кунлари Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган 15-конгресс иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланган эди. Унинг якуний мажлисида жаҳон ҳамжамиятининг конгресс доирасидаги кейинги учрашуви Ўзбекистонда ўтказилиши тасдиқланди.
Шу тариқа, кичик қўмитасининг 58-сессияси Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистоннинг БМТ билан шериклигини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни илгари суришдаги фаол ролини яна бир бор тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси