Ўзбекистон ва Венгрия юридик таълим соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиради
Октябрь 02, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 95
БУДАПЕШТ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Людовика давлат хизмати университети вакиллари ўртасида онлайн музокара ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Венгриядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда юридик таълим ва кадрлар малакасини ошириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилиниб, амалий келишувларга эришилди.
Жумладан, Венгриядаги етакчи мутахассисларни институт таълим жараёнларига жалб қилиш, ўз навбатида, институт делегациясининг Будапештга ташрифини ташкил этиб, мамлакатнинг тегишли таълим ва давлат муассасаларида касбий стажировка ҳамда тажриба алмашишини йўлга қўйиш режалаштирилди.
Людовика давлат хизмати университети Венгриянинг давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш соҳасидаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет давлат бошқаруви, ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва мудофаа йўналишларида мутахассислар тайёрлайди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида юридик таълим соҳасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш, илғор тажриба ва билим алмашинувини кучайтириш ҳамда юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси