Logo

Немис туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишди

Декабрь 23, 2025. 10:52 • 2 дақ

126
Немис туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишди

ХАЙЛЬБРОНН, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг етакчи иқтисодий ҳудудларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва Германия сайёҳлик компанияларини ҳамкорлик истиқболлари билан таништиришга бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муҳим иқтисодиёт ва саноат марказларидан бири саналган Хайльбронн шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда туркомпаниялар, маҳаллий турфирмалар, туроператорлар ҳамда юртимизга саёҳат қилиш истагида бўлган жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида элчихона вакиллари иштирокчиларни қутлаб, Янги Ўзбекистон ва унинг дунё ҳамжамиятидаги ошиб бораётган нуфузи, амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар билан таништирди. Айниқса, туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, мамлакатимиз 2024 йилдан бошлаб ўн миллион турист келадиган топ давлатлар қаторидан жой олгани, саёҳат учун дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири, дея тан олингани ҳақида маълумот берилди.

“Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари” мавзусидаги тақдимотда нафақат Буюк Ипак йўлининг дурдоналари бўлган қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари, балки бошқа ҳудудларда очилган янги туристик объектлар ҳам намойиш этилди. Иштирокчиларга давлатимиз томонидан хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар, юқори сифатли меҳмонхоналар ва гастрономик хизматлар, тўғридан-тўғри авиақатновлар ва тезюрар поездлар, Германия фуқаролари учун 30 кунгача бўлган муддатга виза олиш имконияти ҳақида сўзлаб берилди.

Бундан ташқари, узоқ йиллар давомида сайёҳлик компанияларимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётган германиялик ҳамкорлар “Ўзбекистонга саёҳат қилинг!” мавзусида тақдимотлар ўтказиб, германиялик сайёҳлар учун энг жозибадор бўлган йўналишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, кўп йиллар юртимизда гидлик фаолиятини юритган ва ҳозирда Германияда истиқомат қилаётган ватандошимиз Акбар Фахриев ҳам шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, юртимизга саёҳат нафақат янги уфқларни очади, балки сайёҳларнинг маънавий ва маданий бойишига ҳисса қўшади.

“Sparkasse” фондининг ҳалқаро ҳамкорлик дастури доирасида банкларнинг молиявий ривожлантириш лойиҳаси бўйича 15 йилдан буён Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлайман ва Ўзбекистон менинг иккинчи ватанимга айланган. Шу сабабли, мамлакатга қизиққан юртдошларим учун йилда икки марта саёҳат ҳам уюштираман”, – дея таъкидлади Наташа Мундингер.

Мамлакатимизнинг жозибадор туризм салоҳияти Туризм қўмитаси томонидан тайёрланган фильм ва видеоматериаллар орқали ҳам намойиш этилди. Иштирокчиларга турли йўналишлар ва вилоятлар туризм имкониятлари ҳақида тарқатма материаллар тарқатилди. Меҳмонларга ўзбекона дастурхон тузалиб, юртимиз гастрономик туризм имкониятлари тақдим қилинди. Ҳаваскор ватандошларимиз ижросидаги миллий куй ва рақс тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш