Покистонда Ўзбекистон билан қўшма бизнес-лойиҳаларни ривожлантириш ташаббуси тақдим этилди

Октябрь 11, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 284
Покистонда Ўзбекистон билан қўшма бизнес-лойиҳаларни ривожлантириш ташаббуси тақдим этилди

ИСЛОМОБОД, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистон пойтахтида “4th SES Diplomatic Network–2026” форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форуми доирасида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, шунингдек, “Pakistan–Uzbekistan Business Exchange – 2027” ташаббуси кенг жамоатчиликка таништирилди.

Мазкур тадбирда Покистон ҳукумати ва парламенти вакиллари, Ўзбекистон, Озарбайжон, ЖАР, Судан ва Эрон элчилари, БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

“Ўзбекистон–Покистон бизнес алмашинуви – 2027” ташаббуси икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро бизнес-миссияларни ташкил этиш, савдо ва инвестиция имкониятларини тарғиб қилиш ҳамда савдо-саноат палаталари ва тегишли институтлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев лойиҳанинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаб, унинг B2B форматидаги бевосита учрашувларни ташкил этиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини белгилаш ва қўшма корхоналар барпо этишдаги улкан салоҳиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Шунингдек ўқинг

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида тўқимачилик саноати, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, чарм буюмлари ва спорт анжомларини ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, металлургия, тоғ-кон саноати, геология, кимё саноати, қайта тикланадиган энергетика, ахборот технологиялари, логистика, туризм ва кўчмас мулк соҳалари қайд этилди.

Тадбирда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги инфратузилмавий алоқаларни ривожлантириш ҳамда минтақавий транспорт йўлакларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси покистонлик тадбиркорлар, тегишли вазирликлар, инвестиция институтлари, савдо-саноат палаталари, ҳудудий маъмуриятлар ва ўзбек компаниялари ўртасида алоқаларни ўрнатишга, шунингдек, Покистон делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Тадбир якунлари бўйича савдо-саноат палаталари ва хусусий сектор вакиллари ўртасида мунтазам алоқаларни фаоллаштириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда аниқ бизнес-лойиҳалар ва ташаббусларни амалий татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш