Ўзбекистонда Япония бизнеси иштирокида қўшма саноат парки ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда
Октябрь 09, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 199
ТОКИО, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Япониянинг “Sumitomo Corporation” савдо-инвестиция компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Япония томонига “Sumitomo Corporation” компанияси департамент директори Ёшиказу Нишикава бошчилик қилди. Ўзбекистонлик дипломатлар мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Томонлар стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва Япония бизнеси иштирокидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, етакчи ишлаб чиқарувчилар учун қўшма саноат паркини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
“Sumitomo Corporation” тажрибаси ва салоҳиятидан фойдаланиш Япониядан қўшимча инвестицияларни жалб этиш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Музокаралар якунида томонлар амалдаги лойиҳалар бўйича иш жадвалини мувофиқлаштириб олди ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга келишиб олди.
1919 йилда Японияда ташкил этилган “Sumitomo Corporation” компанияси саноат, инфратузилма, энергетика, транспорт ва шаҳарсозлик соҳаларида фаолият юритади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси