Ўзбекистон вакиллари “Петербург фасллари” фестивалида иштирок этади
Июнь 02, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 81
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган “Петербург фасллари” («Петербургские сезоны») маданият фестивали доирасида кенг кўламли маданий дастурни тақдим этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Россиянинг “Ведомости” нашрига таяниб.
Ташаббус Ўзбекистоннинг маданий меросини тарғиб қилиш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда дунёнинг етакчи институтлари билан профессионал мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ишлар давомининг бир қисми бўлади.
Таъкидланишича, жамғарма томонидан Давлат Эрмитажи билан ҳамкорликда ташкил этилган “Сарой хоналарини очиб: Бухоро амири саройидаги санъат” кўргазмаси дастурнинг марказий тадбирларидан бири бўлади.
Кўргазма доирасида илмий рисола нашри, маъруза ва семинарлар ўтказиш, анъанавий мусиқа концертлари, маҳорат дарслари ҳамда интерактив таълим форматларини ўз ичига олган кенг кўламли параллел дастур ҳам режалаштирилган.
Маданий дастурнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида “Ердаги муҳаббат ва самовий севги. Владимир ва Константин Маковскийлар” кўргазмаси 2 июндан 13 сентябргача Санкт-Петербургдаги Фаберже музейида бўлиб ўтади.
Экспозиция 25 дан ортиқ музейдан келтирилган 170 га яқин асарни бирлаштиради. Ўзбекистон Давлат санъат музейи коллекциясидан тўққизта экспонат ҳам намойиш этилади. Ўзбек музей ашёларининг лойиҳада иштирок этиши халқаро музей ҳамкорлигининг кенгайиши ва Ўзбекистон маданий меросининг йирик халқаро кўргазма ташаббусларига интеграциялашувини акс эттиради.
Нашрда маълум қилинишича, театр дастурининг асосий воқеаси 4 июнь куни “Петербург фасллари” маданият фестивали доирасида Мариинский театри саҳнасида бўлиб ўтадиган Георг Фридрих Генделнинг “Tamerlano” операси намойиши бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




