Варшава шаҳрида Ўзбекистон–Польша академик ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июнь 02, 2026. 16:25 • 2 дақ

49
Варшава шаҳрида Ўзбекистон–Польша академик ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

ВАРШАВА, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша фан ва олий таълим вазири Марчин Кулясек билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда шу йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи университетлари конгресси ҳамда Польша ва Ўзбекистон ректорлари форуми якунида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида тузилган 70 та битимни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, илмий-академик ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали платформага айланадиган Николай Коперник ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон–Польша фан ва таълим жамғармасини ташкил этиш ташаббусига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мулоқот давомида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, икки дипломли таълимни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар, стажировкалар ва ёзги мактаблар ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, дипломатик ваколатхоналари, Польша академик алмашинув миллий агентлиги (НАWА), “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда манфаатдор таълим муассасалари вакиллари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, 2027 йил май–июнь ойларида Гданьск шаҳрида юқори даражадаги Ўзбекистон делегацияси иштирокида навбатдаги Польша–Ўзбекистон форумини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янги қўшма ташаббусларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш