Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда кимё саноатини жадал ривожлантириш вазифалари белгиланди

Июнь 02, 2026. 16:35 • 5 дақ

1
Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда кимё саноатини жадал ривожлантириш вазифалари белгиланди

ТОШКЕНТ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун кимё саноатини жадал ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, иқтисодиётимиз жадал ривожланиб, сўнгги йилларда саноат тармоқларида 3 минг турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди.

Бундан 9-10 йил аввал мамлакатимизда кимё маҳсулотларининг асосий қисмини минерал ўғитлар ташкил қилган. Кейинги йилларда соҳага 8 миллиард 300 миллион доллар инвестиция киритилиб, 87 та йирик қувват ишга туширилди.

ПВХ, “яшил” водород, кўпикли полипропилен, БОПП плёнка каби 60 дан зиёд турдаги юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу орқали иқтисодиёт тармоқларида минглаб янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё базаси яратилди.

Натижада соҳада экспорт 3 карра ўсди, ишчилар сони 50 минг нафардан ошди.

Шу билан бирга, тармоқда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Сўнгги тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида бу кўрсаткич 3 фоизга ҳам етмаган. Кимё маҳсулотлари импорти 4 баробар ошиб, йилига 4,5 миллиард долларга етган.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан чекланиб қолаётгани, соҳадаги 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда маҳсулотлар таркибини ўзгартириш, қўшилган қийматни ошириш ва энергия сарфини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда йилига 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунга 1 миллиард 70 миллион куб метр газ сарфланмоқда. Шу билан бирга, илғор давлатлар селитра истеъмолини камайтириб, қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрувчан ўғитлар, тоғ-кон саноатида эса ғоваксимон селитрадан фойдаланишга ўтмоқда.

Аммиакли селитра билан таннархи бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат 2 баробар юқори. Мутасаддилар ва кимё корхоналари раҳбарлари бундай лойиҳаларни кўпайтириш ҳақида жиддий ўйлаши кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, “Навоийазот”да ишлаб чиқарилаётган 1 тонна циан тузининг нархи 3 минг 700 доллар бўлса, ундан елим ишлаб чиқарилганда қиймати 8 минг долларгача ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Масъулларга “Навоийазот” ёнидаги кластерда 1 миллиард долларлик 10 та кам тоннали кимё лойиҳасини бошлаш топширилди.

Геологияда мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш орқали ҳам қўшилган қийматни бир неча баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоийда 550 миллион тонна натрий ва калий, 20 миллион тонна бентонит захиралари бор. Ушбу хомашё чуқур қайта ишланиб, каустик сода ишлаб чиқарилса, қўшилган қиймат 3 баробар ошади.

Жиззахда 1,5 миллион тонна, Қорақалпоғистонда 500 минг тонна серпентинит захираси аниқланган. Унга сульфат кислотаси билан ишлов берилса, тоннаси 5 минг долларгача бўлган магний оксиди олиш мумкин. Серпентинит янада чуқур қайта ишланса, никель, хром ва кобальт олиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса электротехника саноати учун муҳим хомашё ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

Мутасаддиларга фосфорит, галит, мирабилит, серпентинит каби кимё саноати учун зарур хомашё захираларини 2 баробар ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиб, амалий ишларни бошлаш топширилди. Серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимизга йилига 300 миллион долларлик маиший кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Минтақада эса бундай маҳсулотлар учун 2 миллиард долларлик бозор мавжуд.

Мисол учун, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркор дунёга машҳур “Henkel” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозир ушбу корхона “Henkel” томонидан сотиб олинган бўлиб, бу ердан Ҳамдўстлик давлатларига маҳсулот етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Бундай лойиҳаларни кўпайтириш мақсадида пойтахтдаги саноат зоналаридан биридаги майдонлар маиший кимё лойиҳалари учун ажратилади. Ишга туширилган корхоналарни бренди билан бирга тайёр даромадли бизнес сифатида хусусий секторга сотиш шарти билан ушбу йўналишга 50 миллион доллар йўналтирилади.

Бошқа вилоятлардаги шундай лойиҳалар учун Саноат кооперацияси жамғармасидан 15 миллион доллар ажратилади. Умуман, мутасаддиларга маиший кимёда камида 100 та янги бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда минерал ўғитлар бозоридаги имкониятлар ҳам таҳлил қилинди.

Дунёда минерал ўғитларга талаб йилига 5 фоиздан ўсмоқда ва 2030 йилда 260 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Айниқса, янги агротехнологиялар ҳисобига сувда эрувчан ўғитларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда.

Келгуси уч йилда соҳа масъуллари ва ҳокимлар олдида 2 миллиард 800 миллион долларлик 42 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси турибди. Бу орқали 2030 йилга бориб, азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 миллион тоннадан 4 миллион тоннага, фосфорли ўғитларни 400 минг тоннадан 900 минг тоннага, сувда эрувчан ўғитларни 100 минг тоннадан 400 минг тоннага етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Сувда эрувчан ўғитлар, полимерлар, маиший ва ноорганик кимё бўйича режалаштирилган йирик лойиҳалар ҳисобидан нанокимё, “яшил” кимё, супермолекуляр кимё, сунъий интеллект асосида кимёвий моделлаштириш каби замонавий йўналишларда кадрларга талаб ортиши таъкидланди.

Шу муносабат билан кимё саноатида таълим, тадқиқот, лаборатория ва стартапларни қамраб олган яхлит тизим яратилиши белгиланди.

Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманидаги 60 гектар майдонда кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил этилади. Ушбу кластерда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази барпо қилинади. Марказда тажриба-синов ишлари билан боғлиқ харажатларнинг ярми қоплаб берилади.

Умуман, кимё саноатида 17 миллиард долларлик 350 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш бўйича дастур ишлаб чиқиб, амалий ишларни бошлаш топширилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу катта марраларга эришиш учун соҳани илмий асосланган ва замонавий ёндашувлар асосида бошқариш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат”ни трансформация қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида кимё саноати масъуллари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш