Ўзбекистон Европа солиқ маъмуриятлари ташкилотига ассоциациялашган аъзо сифатида қабул қилинди
Июнь 18, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 110БУДАПЕШТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. 16–18 июнь кунлари Будапештда Европа солиқ маъмуриятлари ташкилотининг (IOTA) 30-Бош ассамблеяси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Ёпиқ ялпи мажлис чоғида Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг ташкилотга ассоциациялашган аъзо мақомида кириш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонда рақамли хизматлар, маълумотлар таҳлили, таваккалчиликка асосланган назорат ҳамда солиқ мажбуриятларига ихтиёрий риоя этилишини қўллаб-қувватлашга асосланган замонавий солиқ тизими шакллантирилаётгани қайд этилди.
Электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-касса техникаси, товарларни рақамли маркировкалаш, автоматлаштирилган риск-таҳлил ва солиқларни проактив ҳисоблашни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилгани билдирилди. Бу чоралар маъмурий тўсиқларни камайтириш, тизим шаффофлигини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган.
Ёпиқ овоз бериш натижаларига кўра, Бош ассамблея Ўзбекистоннинг аризасини қўллаб-қувватлади ва мамлакатимиз IOTAга ассоциациялашган аъзо сифатида қабул қилинди.
Ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга Европа мамлакатлари солиқ маъмуриятлари билан касбий ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш ва рискларни бошқариш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, солиқ тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича ўз тажрибаси билан алмашиш имконини бериши таъкидланди.
Бош ассамблея доирасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигида сунъий интеллектдан фойдаланиш, комплаенс воситаларини ривожлантириш, рискларни бошқариш ва 2030 йилгача бўлган солиқ тизимларининг келажакдаги моделлари каби масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

