“The New York Times”: Ўзбекистон сайёҳлар орасида оммалашиб, Марказий Осиёдаги етакчи туристик йўналишга айланмоқда

Июнь 18, 2026. 08:10 • 3 дақ

89
“The New York Times”: Ўзбекистон сайёҳлар орасида оммалашиб, Марказий Осиёдаги етакчи туристик йўналишга айланмоқда

НЬЮ-ЙОРК, 18 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг машҳур “The New York Times” газетасида хорижий сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг жозибадорлиги тобора ортиб бораётганига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистон ўзи ҳақидаги шов-шувларни оқлаяптими? Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” сарлавҳали ушбу мақола таниқли журналист ва фотограф Габе Кастро-Рутнинг юртимиз бўйлаб амалга оширган тўққиз кунлик саёҳати якунлари асосида тайёрланган.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон бой маданий мерос, ҳамёнбоп нархлар, юқори хавфсизлик даражаси ва ҳақиқий аутентик таассуротлар уйғунлиги туфайли ёш саёҳатчилар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланмоқда.

Муаллиф фикрича, республика Марказий Осиё минтақасига бўлган глобал қизиқишдан энг самарали ва муваффақиятли фойдаланаётган давлат ҳисобланади.

Америка нашри сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилган тизимли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, виза тартибининг либераллаштирилгани, мамлакатнинг халқаро медиа ва блогерлар орқали фаол тарғиб қилинаётгани, йирик маданий тадбирларнинг ўтказилиши ҳамда меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилгани юқори баҳоланган.

Шунингдек ўқинг

Ушбу чора-тадбирларнинг амалий натижаси сифатида хорижий сайёҳлар оқими 2019 йилдаги 6,7 миллион нафардан 2025 йил якунига кўра рекорд даражадаги 11,7 миллион нафарга етгани қайд этилган. Шу даврда америкалик сайёҳлар сони икки баробардан зиёд кўпайиб, 37 минг нафардан ошган.

Мақоланинг катта қисми юртимизнинг тарихий ва маданий обидаларига бағишланган. Муаллиф Тошкентда Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, пойтахт метрополитени ва “Чорсу” бозорини алоҳида эътироф этган. Самарқанд шаҳри Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда мажмуаси ва “Гумбаз” синагогаси мисолида бой меъморчилик ва диний бағрикенглик мероси сифатида тақдим этилган.

Бухорода эса Лаби Ҳовуз ансамбли, гилам тўқиш анъаналари ва тарихий “Бозори Корд” ҳаммоми қаламга олинган. Хива шаҳри ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичан-қалъа мажмуаси билан очиқ осмон остидаги бетакрор музей сифатида таърифланган.

Ўзбекона меҳмондўстлик мақоланинг бош ғояси сифатида гавдаланади. Муаллиф маҳаллий аҳолининг хорижий меҳмонларга бўлган самимий ва хайрихоҳ муносабатидан мисоллар келтириб, айнан ушбу инсоний омил Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни унутилмас ва қадрли қилади, дея алоҳида таъкидлайди.

“The New York Times”да Ўзбекистон бой маданий мерос ва юқори туристик салоҳиятга эга бўлган замонавий, хавфсиз ва меҳмондўст давлат сифатида тасвирланган. Мазкур мақола мамлакатимизни Марказий Осиёнинг етакчи туристик маркази сифатида кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш