Logo

Ўзбекистон Испаниядаги халқаро кўргазманинг фахрий меҳмони бўлади

Февраль 23, 2026. 08:10 • 2 дақ

78
Ўзбекистон Испаниядаги халқаро кўргазманинг фахрий меҳмони бўлади

МАДРИД, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Испаниянинг машҳур «Europa Press» ахборот агентлиги ва «Demócrata» нашрида “B-Travel” Ўзбекистонни Барселонада бўлиб ўтадиган навбатдаги кўргазмасининг меҳмон мамлакати деб эълон қилди” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг 20–22 март кунлари Барселонадаги “Fira de Barcelona” кўргазмалар марказининг “Montjuïc” майдончасида ўтказиладиган “B-Travel” халқаро туристик кўргазмасида Ўзбекистон асосий ҳамкор ва фахрий меҳмон сифатида иштирок этади.

Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Хитойни Ўрта Ер денгизи билан боғлаган афсонавий Буюк Ипак йўлидаги тарихий мероси, дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд ва замонавий Тошкент шаҳарлари туфайли энг оммабоп туристик йўналишлардан бирига айланмоқда. Айниқса, мамлакатдаги ислом меъморчилиги дурдоналари ва ноёб диққатга сазовор жойлар испаниялик сайёҳларда юксак қизиқиш уйғотмоқда.

Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштироки соҳа мутахассислари, агентликлар ва туроператорлар учун янги ҳамкорлик имкониятларини очиши таъкидланган.

“Барселонада кенг жамоатчиликка ўзликни сақлаб қолган, ҳайратлантира оладиган йўналишларни тақдим этиш устида ишламоқдамиз. Ўзбекистоннинг ҳамкор давлат сифатидаги иштироки кўргазма дастурини бойитиш билан бирга, ташриф буюрувчиларга тарих ва анъаналарга бой ушбу жозибадор ўлкани кашф қилишга ёрдам беради”, дея фикр билдирган “B-Travel” президенти Марти Саррате.

Марти Саррате Ўзбекистон ҳукумати ва туризм соҳаси вакилларига кўрсатилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, Барселонадаги тадбир икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш