Покистон пайпоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар уюшмаси делегацияси Ўзбекистонда музокаралар ўтказмоқда

82
Покистон пайпоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар уюшмаси делегацияси Ўзбекистонда музокаралар ўтказмоқда

ИСЛОМОБОД, 16 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Покистон Пайпоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар уюшмасига аъзо компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтариш, хусусан, енгил саноат соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалий қадамларни белгилаб олиш мақсадида уюштирилди.

Сафар давомида Покистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори Нозимжон Холмуродов билан учрашди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Покистон вакиллари Ўзбекистон ҳудудида Сиалкот махсус тўқимачилик ва чарм саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Қайд этилишича, мазкур ташаббус амалга оширилса, Покистоннинг илғор тажрибаси ва технологияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш имконияти кенгаяди.

Музокаралар чоғида Покистон пайпоқ ишлаб чиқарувчиларини Ўзбекистондаги саноат лойиҳаларига кенг жалб қилиш, бизнес-миссиялар ва саноат кўргазмаларини мунтазам ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистонда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларини кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Айниқса, пайпоқ ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва логистика имкониятларини яхшилаш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ҳамкорлик меморандуми ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш