Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Май 15, 2026. 11:55 • 4 дақ

67
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти Испания ҳудудлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

МАДРИД, 15 май. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Испания Қироллигига расмий ташрифи Ўзбекистон-Испания иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим босқич бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф дастури доирасида Галисия ҳудудида йирик бизнес-форум, B2B форматидаги музокаралар, шунингдек, муниципалитетлар ҳамда агросаноат, иссиқхона хўжалиги ва инновацион технологиялар соҳасидаги етакчи испан компаниялари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Виго шаҳри Савдо-саноат палатаси кўмагида ўтказилган “Ўзбекистон – Галисия” бизнес-форуми ташрифнинг асосий тадбири бўлди. Унда икки мамлакат расмийлари, Испаниянинг 20 дан ортиқ компанияси раҳбарлари, инвесторлар, ишбилармон доиралар ва тармоқ ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Форумни ССП президенти Хосе Гарсия Коста очиб берди. У ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, ўзаро ишонч даражаси эса савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётганини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 96 миллион долларга етиб, барқарор ижобий ўсиш суръатини намоён этган.

Форум иштирокчилари олдида сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Испания томонига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, вилоятнинг Испания компаниялари билан узоқ муддатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Тошкент вилоятининг инвестициявий салоҳияти тақдимоти чоғида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш, балиқчиликни ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, узумчилик, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва каолинни қайта ишлаш соҳасидаги қўшма лойиҳалар намойиш этилди.

Форум доирасида саноат кооперацияси ва технологиялар алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зоир Мирзаев Тошкент вилояти нафақат экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш, балки қўшма корхоналар ташкил этиш, инновацион ечимларни жорий қилиш ва барқарор узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Шунингдек, форум давомида Испаниянинг 20 дан ортиқ компанияси иштирокида Б2Б-учрашувлари бўлиб ўтди. Музокараларда балиқчилик ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, иссиқхона хўжалиги, қўзиқоринчилик, чорвачилик, логистика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати каби йўналишлар қамраб олинди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар якунида Испаниянинг “Feeding Systems S.L.” компанияси билан Тошкент вилоятида балиқчилик кластерини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, ҳоким Зоир Мирзаев Испаниянинг виночилик, иссиқхона хўжалиги, озиқ-овқат саноати учун ускуналар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, автомобиль бутловчи қисмлари, экологик технологиялар ва сут маҳсулотлари соҳаларида фаолият юритувчи бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари билан алоҳида музокаралар ўтказди.

Тошкент вилояти делегациясининг Томиньо муниципалитети мэри Ушио Бенитес билан учрашуви ташрифнинг муҳим қисми бўлди.

Музокаралар давомида томонлар иссиқхона хўжалиги соҳасида ҳамкорлик истиқболлари, тажриба алмашиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Галисия минтақасининг иссиқхона хўжалиги ва агросаноат бўйича етакчи марказларидан бири саналган Томиньо муниципалитети тажрибаси Ўзбекистон делегациясида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида делегация замонавий иссиқхона мажмуаларига ихтисослашган Испаниянинг “Ferralesa” компаниясида бўлди. Компаниянинг иссиқхона хўжалиги умумий майдони 5 гектарни ташкил этади. Компания бош директори Фернандо Отеро Вильярино билан бўлиб ўтган мулоқотда замонавий иссиқхона технологияларини жорий этиш ва Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация вакиллари “EcoForest” компанияси томонидан иссиқхона хўжаликлари учун таклиф этилаётган инновацион геотермал иситиш ва совутиш тизимлари билан танишди. Учрашув давомида компания вакили Хулиан Таверниер ушбу ечимларнинг техник имкониятлари ва иқтисодий самарадорлиги ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Музокаралар давомида Тошкент вилоятида замонавий геотермал иситиш ва совутиш тизимини жорий этиш орқали 1 гектарлик майдонда тажриба лойиҳасини амалга ошириш имконияти муҳокама қилинди. “EcoForest” компанияси вакиллари ушбу лойиҳани амалда жорий этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Бизнес-форум доирасида Виго ва Тошкент савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланди. Бу икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун қўшимча механизм бўлиб хизмат қилади.

Ташриф якунида томонлар эришилган келишувлар, ўрнатилган алоқалар ва илгари сурилган ташаббуслар янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш