Нью-Йоркда “АҚШ ва туркий республикалар бизнес альянси” ўз фаолиятини бошлади
Май 16, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 53
НЬЮ-ЙОРК, 16 май. /“Дунё” АА/. Нью-Йоркда АҚШ, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирувчи янги ишбилармонлик платформаси – “АҚШ ва туркий республикалар бизнес альянси” (American - Turkic Republics Business Alliance) рўйхатдан ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Альянс фаолиятида Ўзбекистон томонини ватандошимиз, Американинг “New York Life Insurance Company” суғурта компаниясининг етакчи ходимларидан бири Дилшоджон Раҳмонов вакил сифатида қатнашмоқда.
Ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, Альянснинг асосий мақсади туркий давлатлар ва АҚШ тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, сармоявий ва тижорат лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мазкур тузилма Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркорларига ҳамкорлар топиш, АҚШ ишбилармон доиралари билан алоқалар ўрнатиш, музокараларни юритиш ва истиқболли лойиҳаларни Америка бозорига олиб чиқишда кўмак кўрсатишни мақсад қилган.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда Альянс иштирокчи мамлакатларнинг турли даражадаги 500 га яқин компанияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Келажакда тармоқни кенгайтириш ва барқарор халқаро бизнес платформасини шакллантириш вазифаси қўйилган.
Мамлакатимизнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзбекистонлик тадбиркорлар учун соҳавий учрашувлар ташкил этиш, америкалик ва хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда қўшма сармоявий лойиҳаларни илгари суриш имкониятлари муҳокама қилинди.
Альянс вакилларининг қайд этишича, мазкур платформани яратиш ташаббуси туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви ҳамда минтақа мамлакатлари раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши заминида юзага келган. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланиши савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратмоқда.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси Альянс вакиллари билан конструктив ишчи алоқаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда ҳамда иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва ватандошларнинг тадбиркорлик манфаатларини илгари суришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ниятида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




