Ўзбекистон Белграддаги “Wine Vision by Open Balkan” халқаро кўргазмасида илк бор миллий стенд билан қатнашмоқда
Октябрь 13, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 81
БЕЛГРАД, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Сербия пойтахтида ўтказилаётган “Wine Vision by Open Balkan” халқаро кўргазмасида илк бор ўз миллий стенди билан иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазмада мамлакатимиз номидан “Chator Hamkor” компанияси қатнашмоқда. Унинг кўмагида ташриф буюрувчиларга маҳаллий виночилик маҳсулотлари, миллий ичимликлар, шунингдек, юртимизнинг бой туристик салоҳияти тақдим этилмоқда.
Тадбирнинг илк кунида Ўзбекистон миллий стендига Сербия Ҳукумати вакиллари – маданият вазири Никола Селакович, таълим вазири Деян Станкович, спорт вазири Зоран Гаич, халқаро иқтисодий ҳамкорлик вазири Ненад Попович, шунингдек, дипломатик корпус ва ишбилармон доиралар вакиллари ташриф буюрдилар.
Сербия томони Ўзбекистоннинг ушбу кўргазмадаги иштирокини юқори баҳолаб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Хусусан, ўзбек маҳсулотларини Сербия ва Европа давлатлари бозорларига олиб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида бир қатор хорижий давлатларнинг профилли компаниялари вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилиб, ўзбек маҳсулотларини тарғиб қилиш, янги дистрибуция каналларини ўрганиш ва тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилги “Wine Vision by Open Balkan” кўргазмасида 30 та давлатдан 600 дан ортиқ компания қатнашмоқда, шунингдек, 2 мингдан ортиқ B2B форматдаги учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси