Мексикадаги “FIFA Fan Festival”да ўзбекистонликлар ҳам фаол қатнашмоқда
Июнь 17, 2026. 12:30 • 4 дақ
• 1МЕХИКО, 17 июнь /“Дунё” АА/. Шу кунларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси вакиллари футбол бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан Мексиканинг Мехико шаҳрида хизмат сафари билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар сафар давомида мамлакатимиз вакилларининг FIFA Fan Festival (FIFA мухлислар фестивали) тадбирларидаги иштирокини таъминлаш, юртимиз туризм ва маданий салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш, футбол бўйича миллий терма жамоамиз ҳамда расмий фан-клуб аъзоларининг ташрифини юқори савияда ташкил этишга бош-қош бўлишмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Туризм қўмитаси вакилларидан иборат делегация Мехико шаҳрига етиб келди. Делегация аъзоларининг Поланко туманидаги меҳмонхонага жойлашуви таъминланиб, тадбирларда иштирок этиши учун зарур ташкилий шароитлар яратилди.
Хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар, Маданият вазирликлари ҳамда Туризм қўмитаси вакилларининг FIFA мухлислар фестивали тадбирларида иштирокини таъминлаш юзасидан ташкилотчилар ва масъул ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилди. Натижада тадбирларга оид ташкилий, техник ва логистик масалалар тўлиқ мувофиқлаштирилди.
15 июнь куни “Global Village” павильонида Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳияти кенг кўламда намойиш этилди. Тадбир давомида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган минглаб меҳмонлар ва футбол мухлисларига мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда замонавий туризм имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Павильонда миллий чолғу асбоблари, халқ рақслари, ҳунармандчилик намуналари ва миллий либослар коллекцияси намойиш этилди. Ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркиби, жамоанинг халқаро майдондаги иштироки ва мамлакат футболи ривожланиши ҳақида маълумотлар берилди.
Элчихона ва FIFA медиа жамоаси ҳамкорлигида мазкур тадбирни FIFAнинг расмий ахборот платформалари ва ижтимоий тармоқларида ёритиш учун махсус видеорепортаж тайёрланди. FIFA масъуллари билан Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳиятини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
FIFA медиа вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон павильони фестивалнинг энг кўп ташриф буюрилаётган ва катта қизиқиш уйғотаётган нуқталаридан бирига айланган.
Элчихона вакиллари “Mexico City Stadium”га ташриф буюриб, FIFA расмийлари билан ишчи учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси ва мухлислари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди, стадион инфратузилмаси билан танишилди ҳамда ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди. FIFA вакиллари Ўзбекистон миллий терма жамоасига бўлажак учрашувларда муваффақият тилади.
Шунингдек, “FIFA мухлислар фестивали” тадбирларида Ўзбекистон иштирокини юқори савияда ташкил этиш мақсадида фестиваль ташкилотчиларидан бири Алваро Сервино билан мулоқот ўтказилди. Унда 16 июнь куни бўлиб ўтадиган миллий мусиқий чиқишлар дастури ва ташкилий жиҳатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Олиб борилган ишлар натижасида 16 июнь куни Ўзбекистон санъаткорлари ва ижодий жамоалари учун махсус репетиция ўтказиш бўйича рухсат олинди ҳамда зарур техник имкониятлар ажратилди.
Бундан ташқари, FIFA масъул ходимлари билан ишчи алоқалар ўрнатилди. Томонлар ҳар икки мамлакат мухлисларининг хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда тезкор ахборот алмашиш ва консуллик масалалари бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштириш юзасидан доимий мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олди.
Шу билан бирга, элчихона жамоаси Мексика Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари билан қатор ишчи мулоқотлар ўтказди. Музокаралар давомида 17 июнь куни мамлакатга етиб келиши кутилган Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий фан-клуби аъзоларининг Мексика ҳудудига кириш жараёнларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда Мексика томонига фан-клуб аъзоларининг тўлиқ рўйхати тақдим этилди ҳамда уларнинг мамлакат ҳудудига тўсиқсиз ва ортиқча сўровларсиз кириб келишини таъминлаш бўйича тегишли келишувлар шакллантирилди.
Расмий фан-клуб аъзоларини кутиб олиш тадбирларига тайёргарлик кўриш мақсадида Мехико халқаро аэропорти ҳудуди атрофлича ўрганилди. Аэропорт маъмурияти ва масъул вакиллар билан мулоқотлар ўтказилиб, мухлисларни кутиб олиш, йўналтириш ва зарур ахборот билан таъминлаш тартиблари келишиб олинди.
Ўрганишлар натижасида аэропорт ҳудудида мухлислар учун зарур инфратузилма мавжудлиги, жумладан, 10 дан ортиқ ресторан, кафе ва тамаддихоналар, савдо шохобчалари, дам олиш ҳудудлари ҳамда бошқа сервис хизматлари фаолият юритаётгани аниқланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


