Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи

Июнь 17, 2026. 12:25 • 11 дақ

50
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи

(2026 йил 17 июнь, Тошкент ш.)


Ассалому алайкум, ҳурматли форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Қадрли дўстлар!

Бугун бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашаётган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, жамғармалар вакиллари ва етакчи ишбилармонларни кўриб турганимдан бениҳоя хурсандман.

Сизларнинг иштирокингиз халқаро миқёсда Янги Ўзбекистон тараққиётига бўлган ишонч тобора ортиб бораётганининг яна бир ифодасидир.

Форум доирасида биргаликдаги ҳаракатларимиз катта марраларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда юртимизга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард доллари охирги беш йилга тўғри келмоқда.

Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали шерикликка тайёр инвесторлар учун доимо очиқмиз.

Жорий йилги форумда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 4 мингга яқин хорижий меҳмонлар қатнашаётгани ҳам анжуманимиз нуфузи юксалиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, тадбиримизда иштирок этаётган Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай Жаноби Олийларига, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин Жаноби Олийларига, Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин Жаноби Олийларига, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов Жаноби Олийларига, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Жаноби Олийларига, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев Жаноби Олийларига, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода Жаноби Олийларига алоҳида миннатдорлик изҳор этаман.

Шу билан бирга, жадал ислоҳотларимиз йўлида биз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Янги тараққиёт банки, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа инвестиция банки ҳамда хорижий банклар, компания ва ташкилотлар вакилларига самимий ташаккур айтаман.

Янги Ўзбекистонга хуш келибсиз, қадрли дўстлар!

 

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал харитаси кескин ўзгараётган, савдо зиддиятлари авж олаётган ҳозирги шароитда ҳар қандай инвестор тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинаётган, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ўсиб бораётган, кенг имкониятлар мавжуд бўлган давлатларга сармоя киритишга интилиши табиий, албатта.

Шу боис, биз Янги Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш йўлида тизимли чора-тадбирларни олиб боряпмиз. Ўтган йили ялпи ички маҳсулотимиз 7,7 фоизга ўсди, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Миллий валютамиз барқарорлиги таъминланиб, халқаро захираларимиз ҳажми 70 миллиард доллардан ортди.

Кўпчиликнинг ёдида, биз тўрт йил аввал бўлиб ўтган илк форумда 2026 йил якунига келиб, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтинги йил сайин яхшиланиб бормоқда. Жорий йилда мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиёти янги суръат ва янги имкониятлар босқичига чиқаётганига ёрқин мисолдир.

 

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бугунги форум мавзуси “Инвестициявий барқарорлик: янги марралар ва янги шериклик” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Биз олдимизда турган катта мақсадларга фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали эриша оламиз. Кўп қиррали ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун бир қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш.

Инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар, эътироф этилган халқаро механизмлар орқали таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада март ойидан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишларни бошладик. Марказнинг ҳуқуқий асослари Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади. Ушбу Марказ иштирокчилари учун жозибадор солиқ тизими яратилади. Фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божлари ноль фоиз этиб белгиланади. Капиталнинг эркин ҳаракати, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти сўзсиз кафолатланади. Молиявий технологиялар, рақамли активлар, “яшил” молия учун замонавий тизим яратилади. Марказ ҳудудида норматив ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга мустақил молиявий регулятор ҳам ташкил этилади.

Дастлабки босқичда бу каби имтиёзларнинг амал қилиш муддати 50 йил этиб белгиланади. Марказда Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-тамойил жорий этилади, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади. Унда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритади. Шу билан бирга, инвестицион медиация тизимини ҳам ривожлантирамиз. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятидамиз.

Ушбу чоралар натижасида инвесторлар Ўзбекистоннинг ўзида кафолатланган халқаро ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади. Барчангизни бундай шарт-шароитлардан, шаклланаётган янги экотизим имкониятларидан унумли фойдаланишга чақирамиз.

Иккинчи йўналиш – капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш.

Ўзбекистон янги авлод молия технологиялари ва сармоя бозорларини жадал ривожлантирмоқда. Ўтган даврда халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан зиёд облигацияларни жойлаштирдик. Шу билан бирга, миллий валютадаги корпоратив евро-облигацияларни ҳам айланмага киритдик. Илк бор 13 та стратегик корхона активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акцияларини Тошкент ва Лондон фонд биржасига чиқардик. Эътиборли жиҳати, бу Лондон биржасининг охирги беш йилдаги энг йирик IPOсига айланди. Шу билан бирга, қатор йирик компанияларни ҳам IPOга чиқаришга тайёргарлик кўряпмиз.

Бу каби ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш учун “Капитал бозори тўғрисида”ги ва “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинади.

Ўзбекистонда халқаро клиринг компанияларнинг фаолиятига ҳам кенг имкониятлар очамиз. Бундан ташқари, инвестиция оқимини диверсификация қилиш учун суверен ислом облигациялари – сукук дастурини амалга оширишни бошлаймиз.

Булар корхоналаримизга келгусида камида 10 миллиард доллар қўшимча капитал олиб келиш учун катта туртки беради.

Шунингдек, хусусийлаштириш доирасида шу йил 6 миллиард долларлик кўчмас мулк, корхоналардаги давлат улуши ва ер участкалари аукционга чиқарилади.

Маҳаллий ва хорижий инвесторларни бундай янги имкониятлардан кенг фойдаланишга чорлаймиз.

Учинчи йўналиш – юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш.

Биз саноатнинг барча тармоқларида янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қийматни яратиш бўйича катта дастурларни бошладик. Келгуси беш йилда саноатда юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробарга кўпайтирамиз. Мисол учун, илғор кимё тармоғини ривожлантириш орқали 20 миллиард долларлик инвестиция салоҳиятини ишга солиш; ҳудудларда 15 минг юқори даромадли иш ўринларини яратиш; 130 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлигимиз бизга ҳам, сиз, инвесторларга ҳам манфаат келтиришига ишонаман.

Яхши хабардорсиз, Ўзбекистон бой табиий ресурслар – олтин, мис, уран, вольфрам, газ ва бошқа ноёб захираларга эга. Стратегик хомашё бўлган ер ости бойликларимизнинг умумий қиймати 3 триллион доллар деб баҳоланмоқда.

Бу соҳадаги имкониятларни хорижий инвесторларга тақдим этиш мақсадида очиқ рақамли геология маълумотлар базасини яратамиз; аукционга қўйиладиган конларни 4 карра кўпайтирамиз; “қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача” бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқанд вилоятларида барпо этилаётган “Келажак металлари” технопаркларига хорижий сармояни кенг жалб қиламиз.

Машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика каби “драйвер” тармоқларда ҳам 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни таклиф қиламиз.

Сизларнинг “янги иқтисодиёт” тармоқларидаги ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Тўртинчи йўналиш – “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш.

Хабарингиз бор, “яшил” энергетикага катта эътибор бериб келяпмиз. Яқин йилларда умумий электр генерациясида унинг улушини 54 фоизга етказишни режа қилганмиз.

Инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш, “яшил” энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар барпо этиш таклифини илгари сурамиз.

Сунъий интеллект тармоғини ривожлантириш – давримизнинг муҳим талаби. Хорижий экспертлар Ўзбекистонда келгуси беш йилда ушбу янги йўналишда камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини прогноз қиляпти.

Сунъий интеллектни барча соҳаларга кенг жорий этиш учун энг илғор тажрибалар асосида Миллий стратегияни қабул қилдик. Унинг доирасида “Беш миллион етакчи” дастури бошланди.

Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат.

Биз Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона яратдик. Бу ҳудудда 2040 йилгача инвесторлар барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинади; йўл, электр, сув инфратузилмаси давлат ҳисобидан қуриб берилади; 1 киловатт-соат электр энергияси учун 5 цент миқдорида имтиёзли тариф белгиланади.

Шу билан бирга, махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар марказини ҳам ташкил этяпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ушбу йўналишлар бўйича жозибадорлиги юқори бўлган лойиҳаларда ҳамкорликка таклиф этамиз.

Бешинчи йўналиш – минтақавий транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш.

Маълумки, инвесторлар учун халқаро савдо бозорларига чиқиш катта аҳамиятга эга. Бугунги тадбиримизда кенг минтақамиз мамлакатларининг ҳукумат раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

Биз сўнгги йилларда бу давлатлар етакчилари билан биргаликда Марказий Осиёни ўзаро боғлиқ ва бутун жаҳонга очиқ бўлган катта имкониятлар майдонига айлантиряпмиз. Жумладан, Хитой ва Қирғизистон билан ҳамкорликда стратегик темир йўл қурилишини жадал давом эттиряпмиз. Шу билан бирга, жанубий денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини берадиган Трансафғон коридори лойиҳаси устида фаол ишлаяпмиз. Бундан ташқари, Каспий денгизи орқали ўтадиган “Ўрта коридор” транспорт йўналишини ҳам ривожлантиряпмиз.

Ушбу лойиҳаларни тўлиқ рўёбга чиқариш эвазига Осиё ва Европани боғлайдиган транспорт магистраллари тармоғига қўшиламиз.

Биз транспорт-логистика йўналишида юртимизда қатор мегалойиҳаларни ҳам бошлаганмиз. Масалан, Саудия Арабистонидаги ҳамкорларимиз билан йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган янги Тошкент халқаро аэропортини қуряпмиз.

Форум доирасида сизларга тақдим этилаётган тезюрар автомобиль йўлларини барпо этиш, кўп функцияли логистика марказлари ва “қуруқ портлар”ни қуриш каби лойиҳаларда фаол иштирок этишингиз барчамиз учун бирдек манфаатли бўлишига ишонамиз.

Олтинчи йўналиш – ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.

Ўзбекистон аҳолиси қарийб 40 миллионга яқинлашди. Жадал демографик ва иқтисодий ўсиш биздан урбанизация ва шаҳарсозлик бўйича катта дастурларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Улар доирасида 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойларнинг сонини 2 карра ошириб, урбанизация даражасини ҳозирги 51 фоиздан 65 фоизга етказишни режа қилганмиз.

Биз узоқ келажакни кўзлаган янги инвестиция марказларини барпо этмоқдамиз. Пойтахтимизга туташ ҳудудда 2 миллион аҳолига мўлжалланган замонавий Янги Тошкент мегаполисини бунёд этяпмиз. Шунингдек, Андижон, Наманган ва Самарқандни миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича лойиҳаларни бошлаб юборганмиз.

Умуман, юртимизда уй-жой қурилиши лойиҳалари йилига камида 10 миллиард долларлик кафолатли бозорни таъминлайди. Бунга қўшимча равишда инфратузилмани барпо этишда 27 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини сизлар билан амалга оширишга тайёрмиз.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳудудлари ривожланишида туризм ва замонавий агросаноат ҳам драйвер йўналишга айланмоқда. Хусусан, ўтган беш ойда юртимизга хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллион нафарни ташкил этди. Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳар йили 15-20 миллион чет эллик сайёҳларни қабул қилиш ва уларга йилига камида 15 миллиард долларлик туризм хизматлари кўрсатиш салоҳияти бор.

Шу боис, туризм дурдоналари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Хива билан бир қаторда бошқа ҳудудларимизда ҳам сайёҳлик соҳасига фаол сармоя киритасизлар деб умид қиламиз.

Қолаверса, анъанавий қишлоқ хўжалигини илғор агробизнес тармоғига айлантириш бўйича ҳам дадил қадамлар ташлаяпмиз. Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига йилига 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилиб, ўз “бренди”га эга бўлди.

Биз ҳосилдорликни ошириш, янги органик маҳсулотларни кўпайтириш орқали экспортни 10 миллиард долларга олиб чиқиш бўйича катта маррани кўзлаганмиз.

Шу ўринда сиз, нуфузли компаниялар вакилларига қарата айтмоқчиман: бугунги анжуманда бизнинг 14 та ҳудудимиз раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда. Марҳамат, улар ҳамроҳлигида вилоятларга бориб, яратилаётган имкониятлар билан бевосита танишинг. Бой тажрибангиз, технология ва сармоянгиз билан ўзаро манфаатли лойиҳаларда фаол иштирок этинг. Бу жараёнларда барча ҳокимлар сизларнинг ёнингизда туриб, яқиндан кўмак беради ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.


Азиз меҳмонлар!

Биз Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ташаббуси билан Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий альянси ташкил этилаётганини ўз вақтида қабул қилинган қарор деб ҳисоблаймиз.

Бозор қанчалик катта ва қоидалар қанчалик уйғун бўлса, минтақа давлатларига сармоялар оқими шунча кўпаяди. Шу маънода, мазкур муҳим ташаббус келгусида умумий инвестиция маконини яратиш йўлидаги дастлабки қадам бўлишига аминмиз.

 

Қадрли дўстлар!

Биз эртага сармоядорлар билан доимий институционал мулоқот формати – Президент ҳузуридаги Инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисини ўтказамиз. Бир стол атрофида ўтириб, юзага келаётган ҳар қандай муаммоларга самарали ечимлар топамиз ва аниқ вазифаларни белгилаб оламиз.

Чунки биз учун инвестиция бу фақат иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт демакдир.

Ҳар қандай буюк орзу ва ниятни ҳаётга тўла татбиқ этишда асосий ҳамкор, ҳеч шубҳасиз, эзгу ниятли инвесторлар, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, диёримизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқ. Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз.

Тошкент инвестиция форуми руҳи барчангизни мамлакатимизга доим чорлаб туришига, умумий муваффақият рамзига айланишига ишонаман.

Юртимизнинг гўзал табиати, бетакрор маданияти ва олижаноб халқимизнинг меҳмондўст қалби эса дўстлигимизни мустаҳкамлаш учун ўзига хос инвестиция бўлишига аминман.

Сўзимнинг якунида анжуманимизда қатнашаётган инвесторларга, хорижий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик корпус вакилларига яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, фаолиятингизда улкан зафарлар тилаб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш