Logo

Ўзбекистон дипломатлари Жанубий Кореядаги жазони ўташ муассасасида бўлди

Январ 30, 2026. 09:00 • 57 сония

107
Ўзбекистон дипломатлари Жанубий Кореядаги жазони ўташ муассасасида бўлди

СEУЛ, 30 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Чонан шаҳрида жойлашган жазони ўташ муассасасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида ушбу муассасада жазо муддатини ўтаётган ва жиноят содир этганликда гумонланиб ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари билан алоҳида суҳбат ўтказилди.

Суҳбат чоғида ҳамюртларимизнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, муассасадаги маданий-маърифий муҳит атрофлича ўрганилди. Гумонланувчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, адвокат ёллаш тартиби ва зарур ҳолларда консуллик бўлимига мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Дипломатлар муассаса кутубхонасига Ўзбекистонда чоп этилган 30 дан ортиқ газета, журнал ва бадиий-тарбиявий китобларни тақдим этди. Муассаса масъул ходими Сун Жонг Гук билан учрашув ўтказилиб, унда фуқароларимиз томонидан билдирилган мурожаат ва истаклар етказилди.

Элчихона вакиллари муассаса раҳбариятидан ҳамюртларимизга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш ҳамда уларнинг қонуний талабларини ижро этишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради.

Ўз навбатида, жазо ўтаётган ва ушлаб турилган фуқароларимиз кўрсатилаётган ҳуқуқий ҳамда маънавий кўмак учун миннатдорлик билдириб, хорижда бўлишларига қарамай, давлатимиз ҳимоясида эканини чуқур ҳис этаётганини маълум қилди.

Бу каби консуллик-ҳуқуқий тадбирлар хорижда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тизимли ишларнинг таркибий қисмидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш