“Orta Lectura”: Ўзбекистон глобал технологик аутсорсинг бозорида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда
Октябрь 08, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 86
МАДРИД, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Orta Lectura” таҳлилий-ахборот порталида Ўзбекистондаги технологик аутсорсинг ҳамда дастурий таъминот ишлаб чиқиш борасидаги ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда ички IT бозоридан глобал технологик аутсорсинг марказига айланиш йўлидан бормоқда. Бугун мамлакатда дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан бир қаторда BPO, KPO, креатив индустриялар ва профессионал хизматлар экспорти ҳам жадал ривожланмоқда.
Соҳадаги ўсиш суръатлари бу ўзгариш кўламини яққол кўрсатади. IT хизматлари аутсорсинги ҳажми 2019 йилдаги 3,2 млн доллардан 2025 йилда 716,4 млн долларга етди. Шу даврда IT компаниялари сони 369 тадан 3 400 тага, кўрсатилаётган IT хизматлари ҳажми эса 2,8 млрд долларга етди.
Ўзбекистоннинг энг муҳим рақобат устунликларидан бири – меҳнат ресурсидир. Мамлакат аҳолисининг 60 фоизга яқини 30 ёшгача бўлган аҳоли ҳисобланади. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 21 млн нафар атрофида.
Бугун мамлакатда 220 дан ортиқ университет фаолият юритиб, уларнинг 145 тасида IT йўналишлари мавжуд. Ҳар йили IT соҳаси бўйича қарийб 25 минг мутахассис тайёрланмоқда. Шу билан бирга, 350 мингдан ортиқ киши хорижий тилларни ўрганмоқда. Мамлакатдаги IT мутахассислари сони эса 500 минг нафарга яқинлашган.
Бу ҳолат Ўзбекистонга нафақат арзон ишчи кучи, балки турли йўналишларда малакали ва тил билимига эга жамоаларни тез шакллантириш имконини бермоқда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда аутсорсинг энди фақат дастурлаш билан чекланмайди. BPO сегментида 540 дан ортиқ компания ва 14,5 мингдан зиёд мутахассис ишламоқда. 2020 йилда бу кўрсаткич атиги 136 нафар эди.
Ҳозирда “IT Park Uzbekistan” тизимида 4 мингдан ортиқ компания, жумладан, 75 мамлакатдан келган 1,1 мингдан зиёд хорижий капитал иштирокидаги компания фаолият юритмоқда. Улар томонидан 56 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.
Бу рақамлар Ўзбекистоннинг оддий хизмат кўрсатувчи бозордан халқаро компаниялар учун узоқ муддатли операцион майдонга айланаётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси