FIDE томонидан Ўзбекистон шахмат федерацияси “Энг яхши федерация” деб топилди
Сентябрь 26, 2026. 11:15 • 3 дақ
• 2САМАРҚАНД, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 9-тури Ўзбекистон терма жамоалари учун қувонарли натижалар билан якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Айниқса, эркаклар жамоаларининг муҳим ғалабалари турнирдаги мавқеимиз учун катта аҳамият касб этди. Ўзбекистон-1 терма жамоаси асосий рақибларидан бири – АҚШ жамоаси билан куч синашиб, 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Оқ доналарда ўйнаган Нодирбек Абдусатторов Фабиано Каруанани мағлуб этди. Жавоҳир Синдоров эса қора доналарда Уэсли Сога ютқазди.
Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда Ҳанс Моке Ниеманни таслим этди. Ёш шахматчимиз Муҳиддин Мадаминов эса тажрибали Левон Аронян билан дуранг ўйнади. Шу тариқа Ўзбекистон-1 жамоаси кучли рақиб устидан муҳим ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон-2 ҳам ишончли ғалаба қозонди. Жаҳонгир Воҳидов бошчилигидаги Ўзбекистон-2 жамоаси Нидерландия шахматчиларига қарши баҳсда катта устунлик намойиш этди.
Ўзбекистонлик шахматчилар FIDE рейтингида юқори ўринларда турадиган рақибларини мағлуб этиб, турнирдаги муваффақиятли иштирокини давом эттирди.
Ўзбекистон-3 эркаклар жамоаси ҳам 9-турни ғалаба билан якунлади. Улар Қирғизистон вакилларидан устун келди.
Ўзбекистонлик шахматчи қизлар учун эса 9-тур анча қийин кечди. Ўзбекистон-1 жамоаси жаҳон рейтингида биринчи ўринда турган Ҳиндистон аёллар терма жамоасига қарши баҳсда мағлуб бўлди. Ўзбекистон-3 эса Италия вакилларига имкониятни бой берди.
Ўзбекистон-2 жамоаси эса бу турда муваффақият қозонди. Улар Исландия терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.
Шундай қилиб, Олимпиаданинг 9-турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоалари бир нечта муҳим ғалабаларни қўлга киритган бўлса, аёллар жамоалари учун тур турлича натижалар билан якунланди.
Олимпиаданинг ҳал қилувчи ва ўта қизғин кечадиган 10-турида терма жамоаларимизни яна бир жиддий синов кутиб турибди. Асосий жамоамиз Ўзбекистон-1 Арманистонга қарши дона сурса, Ўзбекистон-2 жамоаси турнир пешқадамларидан бири Ҳиндистон билан ўйнайди. Ўзбекистон-3 жамоаси Исроил билан баҳслашади.
Ўзбекистон-1 10-турдаёқ чемпионликни ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун Арманистон термасини мағлубиятга учратиши ҳамда нариги икки жуфтликда дуранг қайд этилиши кифоя.
Аёллар терма жамоамиз – Ўзбекистон-1 Перу, Ўзбекистон-2 Швеция ҳамда Ўзбекистон-3 Кенияга қарши ўзаро баҳс олиб боради.
Яна бир қувончли хабар: Ўзбекистон Шахмат федерацияси “FIDE Excellence Awards 2026”да “Энг яхши федерация” (“Best Federation”) дея топилди. Йилнинг энг яхши эркак ва аёл шахматчиси бўйича мукофотлар Олимпиаданинг ёпилиш маросимида эълон қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





