Ўзбекистон бош консули Бурятиядаги ахлоқ тузатиш колониясида ватандошлар билан учрашди
Сентябрь 26, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 78
УЛАН-УДЭ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Бурятия Республикаси Улан-Удэ шаҳридаги 8-сонли ахлоқ тузатиш колониясида сақланаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон фуқаролари билан якка тартибда ўтказилган суҳбатларда уларнинг мурожаат ва илтимослари тингланди. Ҳуқуқбузарликлар хусусиятига оид маълумотлар ўрганилиб, тегишли маслаҳатлар берилди. Бугунги кунда ушбу муассасада 66 нафар ҳамюртимиз жазо муддатини ўтамоқда.
Бош консул билдирилган мурожаатлар бўйича ҳал этиш мумкин бўлган масалалар юзасидан тезкор чоралар кўрди. Хусусан, юрак ва умуртқа поғонаси касалликларидан азият чекаётган икки нафар ватандошимизга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти билан ўзбекистонликлар учун мусулмон қонун-қоидаларига мувофиқ овқатланишни ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, бир ойдан сўнг колониядан озод этиладиган ватандошимизга юртимизга қайтиш сертификатини бериш масаласи тезкорлик билан ҳал этилди.
Ҳамюртларга Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси улар содир этган ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятидан қатъи назар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилаётгани, бундан буён ҳам зарур консуллик-ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.
Элчихона вакилларининг фуқароларнинг жазони ўташ жойларига навбатдаги ташрифи октябрь ойида Иркутскка амалга оширилиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси