Ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари “Bazaar Berlin” халқаро ярмаркасида намойиш этилди
Ноябрь 11, 2026. 09:25 • 3 дақ
• 57БЕРЛИН, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида бўлиб ўтган “Bazaar Berlin” халқаро ярмаркасида ўзбек миллий амалий санъати ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
64-марта ташкил этилган кўргазма дунёнинг 58 давлатидан 500 нафарга яқин экспонентни бирлаштирди. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини дунёнинг турли минтақаларидан келган иштирокчилар қаторида намойиш этиб, европалик харидорларни миллий ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари билан таништирди.
Кўргазмадан ўзбек усталари томонидан яратилган тўқимачилик маҳсулотлари, кулолчилик буюмлари ва ёғочга бадиий ишлов бериш намуналари ўрин олган. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг миллий технологиялари ва ўзига хос амалий безак санъати билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
“Messe Berlin”да бўлиб ўтган ярмарка “Жаҳон бозори”, “Санъат ва услуб”, “Табиат билан уйғунлик”, “Адолат ва ижтимоий масъулият”, “Уйда қиш” каби мавзуларда ўтказилди.
Дастурда ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлардан ташқари, мода намойишлари ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Беш кун давомида кўргазмага 35 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
Тадбирда Жанубий Америка, Индонезия, Малайзия, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа давлатларидан ҳунармандлар иштирок этди. Ўзбекистон “Bazaar Berlin” кўргазмасида 2023 йилдан буён иштирок этиб келмоқда.
Ярмарка тахминан 60 йил олдин Германия аҳолисига Рождество ва Янги йил арафасида оригинал совғалар ва қўл меҳнати маҳсулотларини сотиб олиш имконини берувчи платформа сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда у нафақат Берлин аҳолиси, балки ғайриоддий ва эксклюзив маҳсулотларга қизиқувчи бошқа шаҳарлардан ташриф буюрувчиларни ҳам ўзига жалб қилмоқда.
Кўргазмада Ўзбекистондан Самарқанддаги “Best Textile Samarqand” корхонаси иштирок этиб, европалик харидорларга миллий матолар, замонавий кийим-кечаклар ва бошқа тўқимачилик маҳсулотларини тақдим этди.
Компания раҳбари Муслиҳиддин Аслановнинг сўзларига кўра, ярмаркада тўрт йил давомида иштирок этиш маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотиш, Европа савдо ҳамкорларини топиш ва доимий буюртмалар олиш имконини беради.
Тадбиркор “Ўзбекистон” бренди остида ягона миллий экспозиция яратиш истиқболли эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай экспозицияни анъанавий тўқимачилик, сўзана каштачилиги, зардўзлик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, чарм ва кулолчилик маҳсулотларидан ташқари, ҳунармандчиликка бағишланган сайёҳлик йўналишлари, қуритилган мевалар, миллий ширинликлар ва таомлар тақдимоти билан ҳам бойитиш мумкин.
Миллий маҳсулотларни тақдим этишнинг бундай формати, Муслиҳиддин Аслановнинг фикрича, европалик харидорлар ва салоҳиятли ишбилармон ҳамкорларнинг ўзбек товарлари ва мамлакат маданий меросига қизиқишини оширади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


