Покистон компанияси Янги Тошкентда ижтимоий ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида иштирок этишни режалаштирмоқда
Ноябрь 11, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 112
ИСЛОМОБОД, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Metrocon” қурилиш компанияси таъсисчиси Абдул Қодир билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида мамлакатимиз элчиси Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестициявий муҳитни яхшилаш, хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги истиқболли инвестиция имкониятлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш лойиҳасининг стратегик аҳамияти, унинг кўлами, асосий йўналишлари ва хорижий компаниялар учун очаётган янги имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур мегалойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган компаниялар учун назарда тутилган имкониятлар ва рағбатлантириш чоралари, ер участкаларини ажратиш механизмлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тартиби ва ҳамкорлик шартлари тўғрисида алоҳида таъкидланди.
“Metrocon” компанияси раҳбарига Янги Тошкент шаҳри қурилиши доирасида автомобиль йўллари ва кўприклар барпо этиш, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, сув таъминоти ва оқова сув тизимларини қуриш, турар-жой мажмуалари, меҳмонхоналар, шунингдек, савдо ва тижорат объектларини барпо этиш каби йўналишларда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди.
Покистон вакили, ўз навбатида Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳалари жадал суръатларда ривожланаётгани, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилаётгани ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётганини юқори баҳолади. “Биз Янги Тошкент шаҳрини барпо этишдек улкан ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳада иштирок этишга катта қизиқиш билдираётганимиз рост, – деди Абдул Қодир. – Компания ушбу йўналишдаги ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиб чиқади ва ўзининг аниқ инвестициявий ҳамда амалий таклифларини Ўзбекистон томонига тақдим этади”.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини батафсил ўрганиш, “Metrocon” компанияси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш ва ташриф доирасида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси