Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президентини Қурултойга сайловларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан телефон орқали табриклади
Август 24, 2026. 11:52 • 2 дақ
• 138
ТОШКЕНТ, 24 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра,суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Қозоғистон Президентини мамлакат тарихида илк маротаба бир палатали Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Янги Қурултой Қозоғистонда изчил ислоҳотларни янада илгари суришда муҳим омил бўлиши, кенг кўламли ўзгаришларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлаши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.
Суҳбат давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси