Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон Президентини мамлакатнинг янгиланган парламенти - Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади
Август 24, 2026. 07:30 • 2 дақ
• 153
ТОШКЕНТ, 24 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга мактуб йўллаб, мамлакатнинг янгиланган парламенти – Қурултойга сайловлар халқаро стандартлар ва демократик тамойиллар асосида муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини сезиларли даражада кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади, – деб ёзди Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг telegram-каналида. – Сайловларда фуқароларнинг фаол иштироки Қасим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган, Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини янада оширишга қаратилган кенг кўламли конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин тасдиғи экани қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан боғланган қардош қозоқ халқи заминида бугун амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг юксак натижаларидан самимий мамнун эканини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик икки дўст мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги сифат босқичига кўтарилишига ишонч билдирилди.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади”.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Қозоғистонда мамлакатнинг янги бир палатали парламенти - Қурултой депутатлари сайланган эди. Бу янги Конституция қабул қилинганидан кейинги биринчи парламент сайловларидир. Овоз бериш жараёни кеча маҳаллий вақт билан соат 20:00 да якунланди. Мамлакат бўйлаб жами 10 минг 423 та сайлов участкаси очилиб, унда 145 та депутатлик ўрни учун “Әділет”, “Овул”, “Ақ жол”, УСДП, “Байтақ”, ҚХП ва “Respublica” партияларидан номзодлар иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси