Logo

Ўзбек рақс санъати Ҳиндистон саҳналарида намойиш этилмоқда

Январ 20, 2026. 08:15 • 2 дақ

105
Ўзбек рақс санъати Ҳиндистон саҳналарида намойиш этилмоқда

ДЕҲЛИ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Деҳлида Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (Indian Council for Cultural Relations - ICCR) томонидан ташкил этилган XI халқаро рақс ва мусиқа фестивалида “Тарона” рақс гуруҳи муваффақиятли иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ижодий жамоалари бу каби халқаро фестивалларнинг доимий ва интиқлик билан кутиладиган иштирокчилари ҳисобланади. Уларнинг бой миллий анъаналарга асосланган ёрқин чиқишлари анъанавий равишда мусиқа ва рақс санъатини чуқур қадрлайдиган ҳинд томошабинларининг олқишларига сазовор бўлади.

Мамлакатимизнинг маданий марказларидан бири - қадимий Қўқон шаҳрида ташкил этилган “Тарона” ансамблида истеъдодли рақс ва мусиқа ихлосмандлари жамланган бўлиб, улар нафақат ўзбек халқ ижодиётини тарғиб қилади, балки бошқа халқларнинг асарларини ҳам катта ҳурмат билан ижро этади.

Ҳаваскор санъаткорлар репертуарида ҳинд рақс композициялари ва мусиқий чиқишлари ҳам алоҳида ўрин тутади.

“Тарона” гуруҳининг фестивалдаги иштироки маҳаллий мусиқа ихлосмандлари ва санъатшуносларнинг олқишлари остида ўтди ҳамда икки қадимий цивилизация ўртасидаги муҳим дўстлик кўприги бўлди.

Деҳлидаги асосий чиқишлардан сўнг ўзбек санъаткорларининг Ҳиндистон бўйлаб ижодий сафари давом этади.

Ансамбль Чандигарҳ ва Жамму шаҳарларида ҳам ўз концерт дастурларини тақдим этади. Бу эса Ҳиндистоннинг турли ҳудудлари аҳолисига Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради.

Бу каби муҳим тадбирлар «халқ дипломатияси»нинг муҳим воситаси бўлиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп асрлик маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқади. Мусиқа ва рақс тили таржимон талаб қилмайдиган тил бўлиб, у инсонлар қалбини бир-бирига яқинлаштиришда беқиёс кучга эга.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш