"The World News": Ўзбекистон Покистоннинг Карачи порти орқали Ўзбекистон маҳсулотлари транзитини ошириш бўйича музокара ўтказди
Январ 20, 2026. 09:09 • 2 дақ
• 60
ИСЛОМОБОД, 20 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «The World News» электрон нашри "Ўзбекистон ва Покистон саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиради" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
"Ўзбекистон ва Покистон Хунжераб довони орқали Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги доирасида халқаро транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди", – деб ёзилган мақола аввалида.
Таъкидланишича, музокаралар Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Ғуломов ҳамда Покистон Миллий логистика корпорацияси (NLC) бош ижроия директори Шоаиб Аҳмад Хон ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида ўтказилди.
Ташрифнинг асосий мақсади саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида транзит боғлиқликни мустаҳкамлаш бўлди.
"Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида делегация Карачи порти имкониятлари билан танишди. Шунингдек, порт инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда транзит йўналишларини кенгайтириш ва Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқишини осонлаштириш масалалари муҳокама қилди. Ташриф якунларига кўра, томонлар минтақавий транспорт боғлиқлигини яхшилашга қаратилган қўшма ташаббусларни батафсил ишлаб чиқиш ва маслаҳатлашувларни давом эттириш бўйича келишиб олдилар",– дейилган манбада.
Мақолада 2025 йил январь–ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг Покистон билан савдо айланмаси 434,4 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига (371,5 миллион доллар) нисбатан 16,9 фоизга ошгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига тақдим этилган. "2023 йил январь–ноябрь ойларида қайд этилган 356,0 миллион долларлик кўрсаткич билан солиштирилганда эса, савдо айланмаси 22 фоизга ўсган бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар барқарор равишда кенгайиб бораётганини кўрсатади", – дея урғуланган мақола якунида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
