Ўзбекистон киноижодкорларининг анимацион фильмлари Колката халқаро болалар фильмлари фестивалида намойиш этилади
Январ 14, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 261ДЕҲЛИ, 14 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида изчил ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида ўзбек кинематографлари Колката шаҳрида 23-29 январь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро болалар фильмлари фестивалида «Буюк боболарим болалиги» номли 3D-анимацион фильмлар туркумини тақдим этади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Лойиҳа ёш томошабинларни дунё илм-фанининг тамал тошини қўйган буюк алломаларнинг болалик йиллари билан таништиради. Мультфильмлар нафақат тарихни ўргатиш, балки ёш авлодни интеллектуал ривожланишга илҳомлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига асосан «Astir» студиясида (режиссёр Абдулатиф Ҳайдаров) яратилган ушбу тасмалар замонавий даҳоларнинг болалиги, илмдаги илк қадамлари, изланувчанлиги ва ихтирочилик қобилиятлари ҳақида қизиқарли ва тушунарли тилда ҳикоя қилади. Фильмлар ёш авлодни Ўзбекистоннинг тарихий мероси билан таништириш билан бир қаторда, уларни шахсий кашфиётлар қилишга ундайди, танқидий фикрлаш ва билимга интилишга ўргатади.
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги фильм ўтин териб сотиб юрган оддий болакайнинг афсонавий олимгача бўлган йўлини ёритади. Томошабинлар изланувчан Берунийнинг устурлоб билан ишлашни ўрганиши, Ер географияси ва минераллар олами ҳали ярмигача ҳам ўрганилмаганини англаб етишига гувоҳ бўлади.
Муҳаммад Хоразмийнинг болалик йилларига бағишланган фильм бўлажак алгебра асосчисининг даҳолигини очиб беради. Хусусан, унда ёш Муҳаммад ўзининг аниқ ҳисоб-китоблари билан тажрибали қурувчиларни ҳайратда қолдириб, сарой устунлари ва гумбазини ўрнатишда ёрдам бергани ҳақида ҳикоя қилинади.
Аҳмад Фарғоний ҳақидаги анимация бўлажак даҳонинг ёшлигиданоқ намоён бўлган ихтирочилик қобилиятини кўрсатиб беради. У болалигидаёқ дўстларига Ернинг шаклини тушунтириб берган. Сюжет марказида — деҳқонлар учун адолатли солиқ тизимини таъминлаш мақсадида дарёдаги сув сатҳини ўлчайдиган асбоб яратиши тасвирланган.
Беруний, Хоразмий ва Фарғоний ҳақидаги фильмларнинг Колкатада намойиш этилиши — жаҳон ҳамжамиятига буюк ўзбек олимларининг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб бериш ҳамда Ўзбекистонни ўз меросини авайлаб асровчи ва келажакка ижодкорлик ҳамда инновациялар призмаси орқали қаровчи мамлакат сифатида танитиш учун қулай имкониятдир.
Шу билан бирга, ушбу маданий алмашинувнинг узвий давоми сифатида, жорий йил январь ойида Ўзбекистоннинг «Тарона» рақс ансамбли Деҳлида ўтказиладиган 11-Халқаро рақс ва мусиқа фестивалида иштирок этади.
Ўзбек санъаткорлари ва кинематографларининг Ҳиндистоннинг йирик майдонларидаги бундай фаол иштироки икки томонлама муносабатларда санъат ўзаро англашув ва дўстликнинг асосий воситаларидан бирига айланаётган янги давр бошланганини ифодалайди.
Ушбу воқеалар Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил ишларни, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистоннинг замонавий маданий маҳсулотларига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

