Ўзбекистон нуфузли Париждаги “IFTM Top Resa – 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмасининг ҳамкор мамлакати деб эълон қилинди
Январ 18, 2026. 10:00 • 4 дақ
• 121ПАРИЖ, 18 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон 2026 йил 15–17 сентябрь кунлари Парижда бўлиб ўтадиган “IFTM Top Resa” халқаро сайёҳлик кўргазмасининг ҳамкор мамлакати – “Country of Honour” бўлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“IFTM (International French Tourism Market) Top Resa” Франциядаги туризм ва саёҳатга бағишланган энг йирик кўп мақсадли кўргазма бўлиб, саёҳатнинг барча соҳаларини қамраб олади: бизнес, дам олиш, гуруҳлар, MICE. Тадбир бутун дунё бўйлаб сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилади, бу соҳадаги янги технологик ютуқларни намойиш этади.
Матбуот анжуманида “IFTM Top Resa” ташкилотчи компанияси – “RX France” бош директори Филиппо Реан “Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг ҳақиқий дурдонаси бўлиб, ўзида тарих, ўзига хос маданият ва янги уфқларга очиқликни мужассам этганини” таъкидлади. Ўзбекистон туризм соҳаси мисли кўрилмаган ўсиш суръатларини намойиш этиб, дунёдаги энг истиқболли сайёҳлик йўналишига айланиб бораётганини урғулаган. Шу боис, Ўзбекистонга “IFTM Top Resa – 2026” ҳамкор мамлакати мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилган.
“Country of Honor” халқаро кўргазмаларда алоҳида фахрий мақом бўлиб, эгаси бўлган мамлакатга кенг реклама ва имиж имкониятларини тақдим этади. Хусусан, миллий стенд учун катта кўргазма майдони ажратилади, кўргазманинг асосий медиа-ресурсларида мамлакат ҳақидаги мақолалар, интервью ва видеоматериаллар чоп этилади, расмий маросимларда алоҳида иштирок этиш имконияти берилади.
Бундан ташқари, “Country of Honor” мақомида иштирок этиш маданий мерос ва туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилишга қаратилган махсус сессиялар, семинарлар ва B2B учрашувларини ташкил этиш учун шароит яратади.
Ўзбекистоннинг “IFTM Top Resa – 2026”да ҳамкор мамлакат сифатида иштирок этиши халқаро туризм бозорида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиш, миллий сайёҳлик маҳсулотини кенг тарғиб қилиш, Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш имконини беради.
Матбуот анжумани доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда иштирокчилар мамлакатнинг бой маданий мероси, меҳмонхона ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳалар, экотуризм ва зиёрат туризми имкониятлари билан танишди.
Цивилизациялар чорраҳаси ва қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон кўп асрлик бой мерос ва келажакка интилишни ўзида мужассам этгани таъкидланди. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган афсонавий шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги тарихий обидалар ва ноёб музейлар, Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи унинг ноёб маданий бойлигини ташкил этади.
Жонли анъаналар, ҳунармандчилик ва самимий меҳмондўстлик, тоғлардан чўлларгача бўлган хилма-хил табиий ландшафтлар, экотуризм, қадимий виночилик анъаналарига эга ўзига хос гастрономия Ўзбекистонни Франциядан келган сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айлантиради. Уларнинг сони 2025 йилда биринчи марта қарийб 30 минг кишига етди.
“RPTA” компанияси тижорат директори Самвел Татоян ўз тақдимотида “Uzbekistan airways” АЖнинг Ўзбекистон ва Францияни боғловчи тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш, миллий авиакомпаниянинг йўналишлар тармоғини кенгайтириш имкониятлари ва хизматларини тақдим этди.
Матбуот анжумани француз журналистларида катта қизиқиш уйғотди ва савол-жавоблар билан давом этди.
Тадбир иштирокчилари “Дунё” АА билан суҳбатда қуйидагиларни таъкидлади.
“Intermedes” сайёҳлик компанияси гид-конферансьери Солвей Пласиер:
- Гид сифатида бир неча йиллардан буён франциялик сайёҳларга Ўзбекистонга ҳамроҳлик қилиш шарафига муяссар бўлдим. Бу ниҳоятда бой тарихий ва маданий меросга эга мамлакат бўлиб, у ерда кўплаб даврларни ўзингиз учун кашф этишингиз мумкин. Антик ёдгорликлардан тортиб, юнон ва буддист объектларигача, ўрта асрларда ҳукмдор Амир Темур томонидан чўл ўртасида барпо этилган ажойиб шаҳарларгача. Мамлакат пойтахти кўплаб тарихий обидалар хазинаси бўлган Тошкент шаҳри алоҳида эътиборга лойиқ.
Парижнинг “Intermedes” сайёҳлик агентлиги билан ҳамкорликда ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан яқин ҳамкорликда ушбу ажойиб йўналишга борган сари кўпроқ сайёҳларга ҳамроҳлик қилиш имкониятига эга бўлишимга чин дилдан умид қиламан.
“IFTM–Top Reza” кўргазмасининг мижозлар билан ишлаш бўйича директори Гвенаел Мари:
- Бу йил Франциянинг энг йирик профессионал сайёҳлик салони бўлган “IFTM Top Reza” кўргазмасида Ўзбекистон алоҳида эътиборга сазовор мамлакатга айланишини билиш мен учун жуда ёқимли. Биз бу мамлакат ўзининг сайёҳлик жозибадорлиги тақдимотини бизга ишониб топширганидан фахрланамиз ва хурсандмиз. Ўзбекистон кўплаб афзалликларга эга: бу ерда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб объектлар, ноёб табиат ва бошқа кўплаб ресурслар мавжуд. Биз уларни “Йил мамлакати” махсус дастури доирасида намойиш этишни режалаштирмоқдамиз. Бу ҳақиқатан ҳам бой маданий ва табиий меросга эга бўлган жозибали ва ажойиб мамлакатдир.
Ўзбекистон элчихонасида ўтказилган матбуот анжумани Франция оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Тадбир ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги материаллар ушбу мамлакатнинг “TourMag”, “L’Ечо Touristique”, “MisterTravel”, “La Quotidienne” ва бошқа етакчи сайёҳлик нашрларида эълон қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси










