Logo

Афғонистонда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган маърифий кеча бўлиб ўтди

Февраль 15, 2026. 11:09 • 2 дақ

1115
Афғонистонда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган маърифий кеча бўлиб ўтди

МОЗОРИ ШАРИФ, 15 февраль. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги “Фажр” радиостанцияси биносида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган кенг қамровли адабий-маърифий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Афғонистонда истиқомат қилаётган ватандошлар ўртасида миллий маънавий меросни мустаҳкамлаш, улуғ аждодлар ўгитларини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлод қалбида она тили ва адабиётга бўлган муҳаббатни кучайтириш мақсадида ўтказилди. Унда таниқли навоийшунослар, ижодкорлар, Бош консулхона ходимлари ҳамда Балх, Саманган, Жўзжон ва Фарёб вилоятларидан келган ватандошлар иштирок этдилар.

Анжуманнинг очилиш қисмида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик, хусусан, адабиёт ва маънавият соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди. “Фажр” радиостанцияси раҳбари, сиёсий фанлар доктори Абдул Рауф Тавоно ўз нутқида Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки Афғонистон ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатлар учун қадрли сиймо эканини таъкидлади. Шунингдек, мутафаккирнинг инсонпарварлик ва илм-маърифатга чорловчи ғоялари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани қайд этилди.

Балх университети ўзбек ва туркий тиллар департаменти профессор-ўқитувчилари ўз маърузаларида Навоийнинг туркий тил нуфузини оширишдаги хизматларини таҳлил қилдилар. Тадбир доирасида афғон ўзбек адиблари ҳамда замонавий шоирларнинг асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Якунида иштирокчиларга Алишер Навоий асарлари совға қилинди. Бу каби маънавий учрашувлар минтақада ўзбек тили ва маданиятини асраб-авайлаш ҳамда халқлараро дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш