Америка матбуоти: Ўзбекистоннинг ТДТ саммитида билдирган ташаббуслари минтақа ривожида муҳим аҳамиятга эга
Май 26, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 45
ТОШКЕНТ, 26 май. /“Дунё” АА/. АҚШдаги нуфузли “Diplomatic Watch” нашрида Ўзбекистон Президентининг Туркистондаги ТДТ саммитида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, ТДТ саммитида Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотни XXI асрнинг стратегик йўналишларига мослаштиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурган.
Хусусан, Ўзбекистон етакчиси “Рақамли туркий коридор” концепциясига алоҳида урғу берган. Ушбу ташаббус доирасида минтақадаги маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа тармоқлари орқали боғлаш, божхона ва транзит тизимларини рақамлаштириш ҳамда ягона логистика платформаларини интеграциялаш назарда тутилади.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий киберхавфсизлик алянсини ташкил этиш ташаббуси ҳам алоҳида тилга олинган. Бу ташаббус замонавий таҳдидлар эндиликда фақат анъанавий ҳарбий-сиёсий маконда эмас, балки рақамли майдонда ҳам шаклланаётганини англатади. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон ТДТ доирасида киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилишни коллектив хавфсизликнинг янги йўналиши сифатида илгари сурмоқда.
Шунингдек, материалда сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, Тошкентда технологик форум ташкил этиш, стартаплар ва СИ-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма венчур механизмларини ишга тушириш каби ташаббуслар ҳам қайд этилган.
Нашр экологик хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, Ўзбекистон томонидан қурғоқчилик, тупроқ деградацияси ва музликлар эришини мониторинг қилиш бўйича қўшма тизим яратиш, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 2027 йилни “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




