Анқарада “Ўзбекистон — 365 кун” концепцияси тақдим этилди

Сентябрь 27, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 39
Анқарада “Ўзбекистон — 365 кун” концепцияси тақдим этилди

АНҚАРА, 27 сентябрь. /"Дунё" АА/. Анқара шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий дунё халқаро туризм конгресси ва фестивали доирасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти кенг намойиш этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон стендига ташриф буюрганлар мамлакатнинг қадимий шаҳарлари, бой маданий мероси ҳамда турли йўналишдаги сайёҳлик дастурлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Тадбир давомида мамлакатимизни нафақат маълум бир мавсумда, балки йил давомида сайёҳлар учун жозибали манзил сифатида тарғиб қилишга қаратилган "Ўзбекистон — 365 кун" концепцияси тақдим этилди.

Тақдимот доирасида Самарқанд, Бухоро ва Хивага маданий саёҳатлар, шунингдек, тоғ туризми, экотуризм, зиёрат туризми, гастрономик, тиббиёт ва соғломлаштириш туризми имкониятлари намойиш қилинди. Стенд меҳмонлари туроператорлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, ўз қизиқишлари ва афзалликларига кўра сайёҳлик дастурларини танлаш имкониятига эга бўлдилар. Тадбирнинг илк кунидаёқ Ўзбекистонга 11 та тур сотуви амалга оширилди.

"Ўзбекистон — 365 кун" концепцияси доирасида Туркия шаҳарларида кичик форматдаги тақдимотлар ўтказиш, икки мамлакат туроператорлари ўртасида учрашувлар ташкил этиш, университетлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда туркиялик аудиторияни жалб этган ҳолда видеоматериаллар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш