Клод Леблан: Транспорт дипломатияси Ўзбекистон салоҳиятини оширишга хизмат қилади
Сентябрь 27, 2026. 15:06 • 2 дақ
• 88
ПАРИЖ, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Франциялик таниқли ёзувчи ва халқаро эксперт Клод Леблан “Темир йўл геосиёсати” (“Géopolitique du train”) номли янги китобида Ўзбекистонга бағишланган махсус бўлим ажратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида тайёрланган ушбу бўлимда юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиёдаги очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, транспорт-логистика соҳасида илгари сурилаётган стратегик ташаббуслар ёритилган.
Муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этган. Унинг ёзишича, ташқи сиёсатда минтақа давлатлари билан муносабатларга устувор аҳамият берилиши натижасида қўшни мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқалари сезиларли даражада фаоллашган.
Китобнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида транспорт дипломатияси алоҳида ўрин эгаллайди. Темир йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мамлакатнинг янги савдо йўналишларга чиқиши, минтақавий боғлиқликни кучайтириши ва Евроосиё транспорт тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаши нуқтаи назаридан таҳлил қилинган.
Жумладан, Хитой–Қирғизистон йўналиши, Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш имконини берувчи Трансафғон темир йўли, Эроннинг Чобаҳор порти орқали Ҳинд океанига чиқиш ҳамда Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европани боғловчи Ўрта коридор каби йўналишларга эътибор қаратилган.
Клод Леблан Ўзбекистоннинг бир нечта муқобил транспорт йўлакларини бир вақтнинг ўзида ривожлантиришга интилишини мамлакат ташқи сиёсатининг прагматик ва кўп векторли ёндашуви билан боғлайди. Муаллиф нуқтаи назарича, транспорт соҳасидаги ташаббуслар нафақат савдо йўлларини кенгайтириш, балки минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Ўзбекистоннинг Шарқ билан Ғарб ўртасидаги муҳим транспорт бўғини сифатидаги аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Мамлакатимиз элчихонасида Клод Леблан билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда ислоҳотлар, ташқи сиёсий ташаббуслар ва кечаётган янгиланиш жараёнларини Франция ҳамда халқаро жамоатчиликка кенгроқ етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Ёзувчи Ўзбекистондаги ўзгаришларга бағишланган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси