Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди

Сентябрь 11, 2026. 08:10 • 2 дақ

97
Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
Бакуда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди

БОКУ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Озарбайжон пойтахтидаги “The Ritz-Carlton” меҳмонхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев, давлат идоралари, парламент, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, сиёсий, ишбилармон, илмий ва маданий доиралар вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда ўзбек диаспораси вакилларидан иборат 500 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат ва жамият қурилиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Элчи миллий ўзлиги ва бой маданий меросини сақлаб қолган ҳолда барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотларини алоҳида эътироф этди.

Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев Озарбайжон ҳукумати номидан Ўзбекистон Президенти ва халқини мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, мамлакатимизга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.

Шунингдек ўқинг

У Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, мустаҳкамланиб бораётган халқаро обрў-эътибори ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришдаги ролини юқори баҳолади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг бугунги юқори даражаси ва динамикасига алоҳида урғу берилди. Сўнгги 5 йилда давлат раҳбарларининг 16 та ўзаро ташрифи амалга оширилгани, бу эса сиёсий мулоқотга кучли туртки бериб, алоқаларни иттифоқчилик даражасига кўтаргани таъкидланди.

Хусусан, жорий йилнинг 23–24 август кунлари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва унинг якунлари бўйича имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг тарихий аҳамияти қайд этилди.

Охирги 5 йилда ўзаро савдо ҳажми уч бараварга ортгани, қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошгани ҳамда Физули шаҳрида барпо этилган Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактаби икки халқ дўстлигининг ёрқин рамзи сифатида алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг бой маданий ва туристик салоҳияти намойиш этилди. Қатнашчиларга ўзбек ҳунармандчилик буюмлари ва миллий либослар кўргазмаси тақдим этилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди. Махсус таклиф этилган ошпаз томонидан тайёрланган ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш