Сеулда ватандошимиз Шаҳло Абдуллаевага “Шуҳрат” медали топширилди
Сентябрь 11, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 107
СЕУЛ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида ватандошимиз Шаҳло Абдуллаевага “Шуҳрат” медалини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мукофот Ўзбекистон Президентининг жорий йил 22 августдаги мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан хорижий фуқаролар ва чет элда яшаётган ватандошларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ топширилди.
Корея Республикасининг Кванжу шаҳридаги Мигрант аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълим маркази раҳбари Шаҳло Абдуллаева ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш, Ўзбекистон–Корея дўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ушбу мукофотга сазовор бўлди.
Маросимда Жанубий Корея олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, илмий-тадқиқот ва меҳнат соҳаларида банд бўлган ёш ватандошлар, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган фаоллар иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов тадбирда сўзга чиқиб, Шаҳло Абдуллаеванинг Кореяда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, айниқса, ўзбек аёлларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп йиллик самарали фаолиятини алоҳида эътироф этди.
Шаҳло Абдуллаева узоқ йиллар давомида Кванжу шаҳридаги Мигрант аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълим марказида ўзбек тили бўйича маслаҳатчи-таржимон бўлиб ишлагани, кейинчалик ўз касбига профессионаллиги, ташаббускорлиги ва фидокорона меҳнати туфайли ушбу ташкилотга раҳбар этиб тайинлангани таъкидланди.
У ўз фаолияти доирасида Ўзбекистондан Корея Республикасига келаётган хотин-қизларга таълим олиш ва зарур кўникмаларни эгаллаш, жамиятга мослашиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий-маиший масалаларини ҳал этишда кўмаклашиб келмоқда.
Унинг ўзбек тили, миллий қадриятлар ва маданий меросни тарғиб этишга қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Шаҳло Абдуллаева Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси қошида ташкил этилган “Ўзбек тили дўстлари” клуби асосчиларидан бири бўлиб, у ерда корейсларнинг ўзбек тилини ўрганишига кўмаклашади ҳамда уларни ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва анъаналари билан таништиради.
Шаҳло Абдуллаева билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билим ва тажрибасини Ўзбекистон–Жанубий Корея муносабатларини мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошлар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ўзбек тили ва миллий маданиятини оммалаштиришга йўналтиришга тайёр эканини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси