Баварияда Ўзбекистон ҳудудлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Сентябрь 29, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 112БАМБЕРГ, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов Германиянинг Бавария федерал ерининг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган йирик шаҳарларидан бири — Бамберг шаҳрида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида шаҳар маъмурияти, тиббиёт ва таълим муассасалари, шунингдек, Юқори Франкония Савдо-саноат ва Ҳунармандчилик палаталари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Бамберг обер-бургомистри Себастьян Нидермайер билан учрашувда иқтисодиёт, туризм, касбий ва олий таълим, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ҳудудлараро алоқаларни йўлга қўйиш, расмий ва ишбилармон делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш юзасидан фикр алмашдилар.
“Sozialstiftung Bamberg” тиббий-ижтимоий жамғармаси, шунингдек, Бамберг ва Ноймаркт ҳамширалик иши академиялари вакиллари билан музокаралар чоғида ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, жамғарма тизимидаги тиббиёт муассасаларида ишлаш учун Ўзбекистондан малакали мутахассисларни жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.
Юқори Франкония Ҳунармандчилик палатаси, Савдо-саноат палатасининг касбий таълим ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича масъул ходимлари, Бамберг шаҳар маъмурияти ва “Sozialstiftung Bamberg” жамғармаси иштирокида ўтказилган давра суҳбатида минтақа корхоналари, иш берувчилари ҳамда касбий ва дуал таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари таҳлил қилинди. Хусусан, касбий таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни минтақадаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Юқори Франконияда тиббиёт, қурилиш, электротехника, мехатроника, йўл қурилиши, логистика, таълим ва меҳмонхона бизнеси каби соҳаларда 20 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжудлиги қайд этилди. Бу ўз навбатида касбий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда малакали кадрларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар очиши таъкидланди.
Учрашувлар якунида Германиянинг мазкур минтақаси расмий ва ишбилармон доираларининг 2027 йилда Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, бўш иш ўринларини тўлдириш учун Ўзбекистондан малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган амалий лойиҳалар ва тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



