Аичи-Нагоя-2026: Акбар Жўраев жаҳон рекордини янгилаб, Осиё ўйинлари чемпиони бўлди
Сентябрь 29, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 56АИЧИ-НАГОЯ, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Японияда бўлиб ўтаётган ХХ Осиё ўйинларининг 29 сентябрь кунги баҳсларида Ўзбекистон спортчилари қатор спорт турларида муносиб натижалар қайд этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Оғир атлетика бўйича -110 кг вазн тоифасида иштирок этган Акбар Жўраев олтин медални қўлга киритди. У даст кўтаришда 197 кг натижа билан жаҳон рекордини янгилади. Ўзбек полвони силтаб кўтаришда 226 кг натижа қайд этиб, иккикураш якунида 423 кг билан Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Бокс мусобақаларида -60 кг вазнда Абдумалик Халоков мезбонлар вакили Шунсуке Китамотони 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди. -80 кг вазнда Фазлиддин Эркинбоев эса ярим финалда ҳиндистонлик Анкушга имкониятни бой бериб, бронза медали билан кифояланди.
+90 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров ҳам ярим финалда рингга кўтарилди. У эронлик рақибини 2-раунддаёқ мағлуб этди. Жанг мобайнида у рақибини уч маротаба нокдаун ҳолатига туширди. Боксчимизнинг финалдаги рақиби қозоғистонлик Айбек Аралбай бўлади.
Енгил атлетикада Анвар Анваров узунликка сакрашда 8,06 метр натижа қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди. Сабоҳат Самижонова 800 метрга югуришда ўз гуруҳида учинчи бўлиб, финалга йўлланма олди. Аёллар ўртасида баландликка сакраш финалида Барнохон Сайфуллаева ва Валерия Горбатова Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Айни пайтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 13 та олтин, 17 та кумуш ва 14 та бронза, жами 44 та медаль мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







