Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси Қатардага кенг жамоатчиликка таништирилди
Июнь 13, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 35ДОҲА, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонасида Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Қатардаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларининг 100 нафарга яқин вакили, етакчи исломшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Хусусан, давлат раҳбари томонидан ушбу мажмуанинг барпо этилиши ҳақида БМТ минбаридан туриб эълон қилингани эътироф этилди.
Тадбир дастурида буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий-маънавий меросига бағишланган қисм ҳам ўрин олди. Мутахассислар унинг ислом илм-фани тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этди ва Қуръони каримдан кейинги энг ишончли ва мўътабар манбалардан бири сифатида тан олинган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
2026 йил 19 март куни тантанали равишда очилган Имом Бухорий мажмуаси ҳақидаги видеоматериаллар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қисқа вақт ичида мажмуани бир миллиондан ортиқ зиёратчи ва меҳмон зиёрат қилгани, унинг бутун ислом олами учун юксак маънавий ва маданий аҳамиятга эга эканидан далолат эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистонда бой маънавий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, ислом цивилизациясининг буюк мутафаккир ва алломалари хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.
“Al Sulaiteen Group” компанияси раиси Абдулло Салим Ал-Сулайтийн Ўзбекистон Президентининг Мовароуннаҳр алломаларининг бой меросини тарғиб қилиш ва ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббуслар цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга ва жаҳон ҳамжамиятини минтақанинг жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига қўшган ҳиссаси билан кенгроқ таништиришга хизмат қилади.
Тақдимот якунида Қатар илмий ва жамоатчилик доиралари вакиллари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишга ҳамда Ўзбекистон билан маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


