Тошкентда Санкт-Петербург ишбилармонлик маркази очилади
Июнь 13, 2026. 13:30 • 1 дақ
• 67
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида Санкт-Петербург ишбилармонлик маркази очилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Россиянинг “Деловой Петербург” нашрига таяниб.
Мақолада қайд этилишича, мазкур марказ Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги майдонга айланади.
Марказ негизида Санкт-Петербург корхоналарининг Ўзбекистон бозорига мўлжалланган маҳсулотларининг доимий кўргазмаси, истиқболли инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун бизнес зонаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Янги Тошкентда россиялик меъморлар иштирокида лойиҳалаштирилган “Санкт-Петербург мавзеси” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўз навбатида, Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг савдо-логистика марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Экспертлар фикрича, ушбу лойиҳалар савдо, саноат кооперацияси ва сармоялар йўналишидаги икки томонлама ҳамкорлик фаоллашуви фонида амалга оширилмоқда.
Бундай ташаббусларнинг рўёбга чиқарилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш, сармояларни жалб этиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси