Новосибирскда ватандошлар учун Курбон ҳайити муносабати билан “Эҳсон дастурхони” ташкил этилди
Май 31, 2026. 10:57 • 2 дақ
• 101НОВОСИБИРСК, 31 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамда “Евразия-Сибирь” ўзбек Улгуржи-тақсимлаш маркази билан ҳамкорликда муборак Қурбон ҳайити байрамига бағишланган хайрия “Эҳсон дастурхони” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу байрамона тадбирда Россиянинг мазкур ҳудудида фаолият юритаётган ватандошларимиз иштирок этдилар. Қайд этиш жоизки, бундан бир кун аввал, ҳайит намазидан сўнг, марказ ҳудудида ушбу мажмуада меҳнат қилаётган, шунингдек, узоқ масофаларга қатновчи юк машиналари ҳайдовчилари, сотувчилар ва ишчилардан иборат юртдошларимиз учун махсус байрам палови дамланиб, тарқатилди.
Учрашув давомида Бош консулхона дипломатлари томонидан Ўзбекистон давлат идоралари хориждаги фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамиша шай эканлиги алоҳида таъкидланди. Новосибирск шаҳрида бўлиб турган ватандошларимизнинг иш фаолияти ва яшаш шароитлари билан боғлиқ ҳар қандай масалаларни ижобий ҳал этишда консуллик ваколатхонаси бундан кейин ҳам яқиндан амалий ёрдам кўрсатишда давом этиши қайд этилди.
Байрам муносабати билан бир дастурхон атрофида жам бўлган ҳамюртларимиз мусофирликда юрган барча ўзбекистонликларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик ва самимий эътибор учун Давлатимиз раҳбарига ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини изҳор этиб, юртимизга қут-барака ва омонлик тиладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






