Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Октябрь 01, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 106ЕКАТЕРИНБУРГ, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Свердловск вилоятидаги муҳташам “HYATT Regency” анжуманлар саройида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали қабул ва байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консулхона томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов, Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Дмитрий Ионин, Екатеринбург шаҳри ҳокими Алексей Орлов, РФ ТИВнинг Урал федерал округидаги вакили Александр Харлов, шунингдек, минтақадаги савдо-саноат палаталари раҳбарлари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари, хорижий давлатларнинг бош консуллари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда 300 нафарга яқин ватандош иштирок этди.
Тадбирни очиб берган мамлакатимиз элчиси меҳмонларни байрам билан муборакбод этиб, юртимизнинг мустақиллик йилларида эришган улкан ютуқлари ва келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, расмий қисмда Свердловск вилояти раҳбарияти ва шаҳар ҳокими Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик, савдо алоқалари ва маданий-гуманитар муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, ўзбек халқини қутладилар.
Байрам доирасида Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор маҳаллий расмийлар, жумладан, Урал туризм ассоциацияси президенти, Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги туризм элчиси Михаил Мальцев ҳамда фаол ватандошларга ташаккурномалар топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Тюмень вилоятининг “Баҳор” рақс ансамбли ва “Ниҳол” мукофоти совриндори Шароф Муқимов ижро этган куй-қўшиқлар ҳамда миллий рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



