Гамбургда Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон кечаси” бўлиб ўтди
Сентябрь 08, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 93ГАМБУРГ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Гамбург шаҳрида фаолият юритадиган “CVJM” жамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 35 йиллик юбилей санасига бағишланган “Ўзбекистон кечаси” ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда Гамбург шаҳри парламенти ва мэрияси вакиллари, ишбилармон доиралар, сайёҳлик компаниялари, ОАВ ходимлари ҳамда Германияда истиқомат қилаётган 150 нафардан ортиқ ватандошларимиз қатнашди.
Тадбирни элчи Дилшод Аҳатов очиб берди ва давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, барқарор иқтисодий ўсиш, хорижий сармояларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда туризмни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Германия билан сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Гамбург парламенти Маданият ва ОАВ қўмитаси раиси Арне Платцбеккер ва Иқтисодиёт, меҳнат ва инновация қўмитаси раиси Давид Эркалп халқимизни Мустақиллик айёми билан қутлаб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этди. Европанинг йирик денгиз порти ва иқтисодий маркази ҳисобланган Гамбург шаҳри билан иқтисодий, савдо ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги билдирилди.
Тадбир доирасида дипломатик ваколатхона раҳбари германиялик ҳамкорлар ва ватандошлар билан самимий учрашувлар ўтказди. Мулоқот чоғида ҳамюртларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманнинг маданий қисмида намойиш этилган миллий санъат намуналари, жозибадор рақслар ҳамда тортиқ этилган шоҳона ўзбек палови йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.
Давид Эркалп, Гамбург парламенти депутати (CDU партияси), Иқтисодиёт, меҳнат ва инновация қўмитаси раиси:
- Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган ушбу тантанали тадбирнинг айнан Гамбург шаҳрида ўтказилгани ҳам уни янада аҳамиятли қилади. Гамбург Европанинг халқаро савдога очилган муҳим дарвозасидир. Ўзбекистон ва Германия ўртасида муваффақиятли, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар бор ва биз ушбу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Мирко Новак, “LUNO-Gruppe” компанияси раҳбари:
— Ўзбекистон Марказий Осиёдаги катта ва муҳим истиқболга эга мамлакат. Гамбург билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун эса кўплаб имкониятлар мавжуд. Айниқса, иқтисодиёт ва тиббиёт соҳаларида улкан салоҳият бор, деб ҳисоблайман. Келажакда ҳам Гамбург ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини тилайман.
Изабел Хансен, “New Silk Road GmbH” сайёҳлик компанияси лойиҳа раҳбари:
— Сизлар билан бирга ушбу қутлуғ санани нишонлаш мен учун катта фахр. 35 йил - бу жуда узоқ давр. Биз 2006 йилдан буён “New Silk Road” авторалли лойиҳаси доирасида Ўзбекистон орқали саёҳатларини ташкил этиб келамиз. Шу йиллар давомида мамлакатнинг қандай ўзгариб, ривожланиб борганига бевосита гувоҳ бўлдик. Биз нафақат саёҳатларни ташкил этамиз, балки турли мамлакатлар одамлари ўртасида бевосита мулоқот ва дўстлик кўприкларини ҳам яратамиз. Кечагина бу йилги саёҳатимиз иштирокчиларининг бир қисми билан учрашдик. Мен улардан: “Сафар давомида қайси мамлакат сизларда энг катта таассурот қолдирди?”, - деб сўраганимда улар бир овоздан: “Ўзбекистон”,-дедилар. Юртингизнинг тарихий шаҳарлари ва меҳмондўст халқи сайёҳларда ҳамиша энг ёрқин таассурот қолдиради. Ўзбекистонга келгусида ҳам тинчлик ва улкан муваффақиятлар тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






