Анталияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди

Сентябрь 07, 2026. 22:00 • 2 дақ

106
Анталияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди
Анталияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди
Анталияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди

АНТАЛИЯ, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Анталия шаҳридаги “Erdem Bayazıt” маданият марказида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маданий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган ушбу тадбир Анталияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларнинг миллий қадриятларга бўлган ҳурматини ошириш ва бой маданий меросимизни тарғиб этишга қаратилди.

Тантанали кечада Анталия вилояти губернаторлиги ва маҳаллий муниципалитетлар вакиллари, савдо-саноат ва ишбилармонлик доиралари, оммавий ахборот воситалари, диаспора ва жамоат ташкилотлари аъзолари, шунингдек, ҳудудда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган 500 нафарга яқин ҳамюртларимиз иштирок этди.

Тадбир доирасида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари, анъанавий палов тортиқ қилинди. Байрамнинг асосий қисмида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Алишер Файз ҳамда таниқли қизиқчи Жамшид Норматов иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди. Жонли ижродаги куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шунингдек ўқинг

Иштирокчилар хориждаги ҳамюртларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор учун давлатимиз раҳбариятига ҳамда элчихонага самимий миннатдорлик билдирдилар.

Турк томони вакиллари тадбирнинг юқори ташкилий савиясини қайд этиб, келгусида маданий-гуманитар йўналишдаги қўшма лойиҳаларни мунтазам ўтказиш ва икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш