Ҳиндистонда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди
Сентябрь 27, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 73ДЕҲЛИ, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Байрам тадбирида Ҳиндистоннинг давлат, дипломатик, ишбилармон ва жамоат доираларининг 350 дан ортиқ вакили ҳамда ватандошлар иштирок этди.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқ бўйича котиби Рудрендра Тандон, Лок Сабха депутати ва “Ҳиндистон–Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Ганеш Сингх ҳамда бошқа расмийлар мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан иштирокчиларни самимий қутлади.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мустақиллик йилларида мамлакат тараққиёти, жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш, таълим ва соғлиқни сақлашга сармоя киритиш, янги саноат тармоқларини яратиш ва иқтисодиётни жаҳон бозорига интеграциялаш борасидаги ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
У сўнгги ўн йил давомида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Иқтисодиётни очиш, хусусий секторни мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлат институтларини модернизация қилиш асосий йўналишлар сифатида эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларига алоҳида эътибор қаратилди. 2011 йилда мамлакатлар стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган бўлса, 2026 йилда икки томонлама алоқаларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 29–30 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳақида фикр билдирилди.
Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари савдо ва инвестициялар, муҳим минераллар, мудофаа ва хавфсизлик, инновациялар ва стартаплар, рақамли инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим, туризм ва космос соҳаларини муҳокама қилди.
Томонлар 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида бизнес-саммит ўтказишга келишиб олинди.
Рудрендра Тандон икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик цивилизациявий ва гуманитар алоқаларни қайд этди. У Ўзбекистонда йогага қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаб, Ҳиндистон Бош вазири Ўзбекистон йога федерацияси томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этганини эслади.
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини экологик тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун
1 миллион доллар миқдорида грант ажратгани таъкидланди.
Меҳмонларга Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Business Central Asia” журналининг махсус сони тақдим этилди.
Тадбир миллий мусиқа ва рақс жамоаларининг чиқишлари билан якунланди. Меҳмонлар “Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари томонидан келтирилган палов, ўзбек ошхонасининг бошқа таомлари ҳамда ҳўл ва қуруқ мевалардан татиб кўришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



