Японияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
Сентябрь 24, 2026. 21:00 • 3 дақ
• 153ТОКИО, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Япония парламенти ва ҳукумати аъзолари, сиёсий ва ишбилармон доиралар, экспертлар, олимлар, маданият ва туризм соҳаси вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари, ватандошлар, жами 400 нафардан зиёд меҳмон иштирок этди.
Учрашувда Япония Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аяно Кунимицу, Иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Кенджи Ямада, парламент аъзолари, “Sojitz Corporation”, “Mitsubishi”, “Mitsui & Co.”, “Sumitomo Corporation”, “Itochu Corporation”, “Toyota Tsusho Corporation” каби йирик компаниялар ҳамда JICA, JBIC ва JETRO вакиллари ҳам қатнашди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон Президентининг Японияга ташрифи ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Япония Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аяно Кунимицу Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Учрашув давомида “Sojitz Corporation” корпорацияси Бошқарув раиси ва вакиллик директори Масаёши Фужимотога Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени топширилди. Мазкур давлат мукофоти унга Ўзбекистон–Япония дўстлик муносабатлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.
“Sojitz” корпорацияси Ўзбекистонда Сирдарё II иссиқлик электр станцияси, Тошкентда янги аэропорт, Навоий вилоятида шамол электр станцияси ва Самарқандда кўп тармоқли шифохона каби йирик лойиҳаларда иштирок этмоқда.
Шунингдек, “Toshiba International Foundation” президенти Хироки Ямазаки Ўзбекистон мактаблари ўқувчилари учун Япония тарихи, иқтисодиёти, маданияти ва япон тилига бағишланган 160 га яқин китобни беғараз тақдим этди.
Ўзбекистоннинг миллий маданияти, тарихи ва туризм салоҳиятини намойиш этувчи махсус экспозиция кўпчиликка манзур бўлди. Кўргазмада халқ амалий санъати, кулолчилик, миллий либослар, миниатюралар, китоблар ва бошқа маданий мерос намуналари намойиш қилинди.
Ўзбекистонлик дизайнер Зуҳра Худойқулова тайёрлаган миллий ва замонавий услуб уйғунлашган кийимлар коллекцияси ҳам намойиш этилди. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, меъморий обидалари, табиати ва кундалик ҳаёти акс этган фотосуратлар кўргазмаси ўтказилди.
Маданий дастурда Азиз Ражабий, Шукрулло Исроилов, Улуғбек Қодиров ҳамда Японияда фаолият юритаётган “Ўзбегим” рақс гуруҳи ўз ижод намуналарини тақдим этди. Тадбир меҳмонларига Ўзбекистондан олиб келинган мевалар, патир-нон ва миллий маҳсулотлар тортиқ қилинди.
Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов бошчилигидаги делегация Япониянинг қатор шаҳарларида Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирларда иштирок этди.
Айчи префектурасига ташриф доирасида Нагоя иқтисодиёт университети раҳбарияти ва Японияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар ташкил этилди. Нагояда ватандошлар ўртасида “Мустақиллик кубоги – 2026” футбол мусобақасининг финал босқичи ўтказилди. Шу куни Нагоя шаҳри Халқаро марказида байрам концерти ташкил қилинди.
Хиросима префектурасида ўтказилган Ўзбекистон маданияти ва санъати кечасида ўзбек ва япон санъаткорлари иштирок этди. Тадбирга 500 нафардан зиёд япон фуқаролари ва ватандошлар ташриф буюрди.
Япония парламентида бўлиб ўтган “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми тақдимоти ҳамда “Ўзбекистон–Япония: дўстлик, ишонч ва келажак сари ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ҳам юксак савияда ташкил этилди.
Делегация аъзолари Япония Парламенти кутубхонаси, Очаномизу университети бошланғич мактаби ҳамда Каэцу Ариаке ўрта мактабида ҳам бўлиб, таълим ва илмий муассасалар фаолияти билан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







