Ҳиндистонда ўзбек тили, адабиёти ва маданияти бўйича биринчи тўлиқ бакалавриат дастури ишга туширилмоқда
Февраль 24, 2026. 17:03 • 3 дақ
• 81
ДЕҲЛИ, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Ҳиндистонда ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини академик ўрганиш янги босқичга кўтарилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Деҳлида жойлашган Жамия Миллия Исломия марказий университети (Jamia Millia Islamia – JMI) янги ўқув йилидан бошлаб ўзбек тили, адабиёти ва маданияти бўйича тўрт йиллик бакалавриат дастури ишга туширилишини эълон қилди. Олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган ушбу қарор мамлакатда ўзбек тилини ўқитиш тарихида янги саҳифа очади ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим соҳасидаги алоқалар ривожида муҳим босқич бўлади.
Жамия Миллия Исломия 1920 йилда ташкил этилган ва Ҳиндистоннинг етакчи университетларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу йирик илмий-таълим марказида минглаб талабалар гуманитар ва табиий фанлардан тортиб, муҳандислик, ҳуқуқ, меъморчилик ва стоматологиягача бўлган турли йўналишларда таҳсил олмоқда.
Университет Институтларни рейтинглаш миллий тизими (National Institutional Ranking Framework - NIRF) талқинига кўра, мамлакатнинг энг яхши 3 та олий ўқув юрти қаторидан барқарор тарзда жой олиб келмоқда. QS World University Rankings халқаро рейтингида эса мазкур муассаса Жанубий Осиё таълим марказлари орасида етакчи ўринларни эгаллайди.
Янги бакалавриат дастурининг йўлга қўйилаётгани университетда ўзбек тилини оммалаштириш борасидаги кўп йиллик меҳнатнинг мантиқий давоми бўлди. 2004 йилдан буён Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида бу ерда Ўзбек тили курслари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Шу вақт ичида юзлаб ҳинд йигит-қизлари ушбу курсларни битириб чиқди ва бугунги кунда олган билимларини туризм ва бизнесдан тортиб дипломатия ва илмий тадқиқотларгача бўлган турли соҳаларда муваффақиятли тарзда қўлламоқда. Ҳозиргача университетда ўзбек тили бўйича бир йиллик сертификат ва диплом дастурлари мавжуд бўлиб, бакалавриат босқичи талабалари ўзбек тилини қўшимча фан сифатида ўрганиш имкониятига ҳам эга эди.
Тўлиқ тўрт йиллик бакалавриат дастурининг очилиши ўзбек тилини ўқитиш жараёнини янада чуқурроқ ва тизимли даражага олиб чиқмоқда. Бу ҳинд талабаларига ўзбек филологияси ва маданияти соҳасида тадқиқотлар олиб бориш имконини беради, келажакда шарқшунос олимлар, таржимонлар ва амалиётчи мутахассислар тарбияланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
- Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган изчилликни намойиш этмоқда, - дейди университет профессори Шаҳид Таслим. - Бакалавриат дастурининг очилиши халқларимизни боғловчи ва ўзбек халқи меросини нафақат Ҳиндистонда, балки бутун Жанубий Осиё минтақасида тарғиб қилувчи амалий кўприк бўлади.
Ушбу воқеа сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнига дунёда бўлган улкан қизиқишнинг ифодасидир. Мамлакатимизнинг очиқлиги, бой маданий-тарихий мероси ва жадал ривожланиши ўзбек тили ва маданиятини хорижда ўрганиш учун тобора жозибадор қилиб бормоқда.
Бундан ташқари, янги дастурнинг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги таълим соҳасидаги изчил ва фаол ҳамкорлик туфайли амалга ошди.
Шундай қилиб, Жамия Миллия Исломия бакалавриат даражасида ўзбекшунослик бўйича комплекс дастурни таклиф қилган Ҳиндистондаги биринчи университетга айланди. Бу ўз фаолиятини Марказий Осиё билан боғламоқчи бўлган ҳинд ёшлари учун кенг истиқболлар очади ва Ҳиндистонда ўзбек тили ва маданиятини янада жадал тарғиб қилиш учун кучли туртки бўлади.
Янги ўқув йили учун қабул тўғрисидаги эълон университет сайтида чоп этилди. Дастур ўзбек тилини чуқур ўрганиш, мумтоз ва замонавий адабиёт, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий анъаналарини чуқур таҳлил қилишни ўз ичига олади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, университетнинг иккита ўқув биноси буюк ўзбек олимлари ва мутафаккирларининг илмий-маънавий меросига бўлган юксак ҳурмат рамзи сифатида Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталади.
Дастур битирувчилари узоқ муддатли истиқболда Тошкент ва Деҳли ўртасидаги маданий ва иқтисодий мулоқотнинг асосий воситачилари бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
